26 апрель куни президент Шавкат Мирзиёев кўп қаватли уйларни бошқариш тизимини такомиллаштиришга бағишланган тақдимот билан танишди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Бугунги кунда Ўзбекистонда 37 402 та кўп қаватли уй, уларда 1,3 миллиондан ортиқ хонадон бор. Бу уйларнинг 68 фоизига ширкатлар, 24 фоизига бошқарув компаниялари хизмат кўрсатади, 8 фоиз уйлар эса мулкдорлар томонидан умуман бошқарилмайди.

Уй-жой мулкдорлари ширкатлари 4 430 та бўлиб, шундан атиги 1 350 таси ёки 30 фоизи яхши ишлайди, қолгани ўрта ва оғир шароитда, дейилади хабарда.

Ўрганишларда аниқланишича, тўловлар бўйича тарифларнинг норентабеллиги, ҳисоб-китобларнинг шаффоф эмаслиги, муҳандислик-коммуникация тармоқларининг эскиргани муаммоларга сабаб бўлмоқда. Кўп ширкатлар ўз вазифасини бажармайди, бунинг учун уларда кадрлар етишмайди. Оқибатда хонадон эгаларининг ширкат ва бошқарув компанияларига ишончи йўқолган. Бадалларнинг тўлиқ йиғилмаслиги туфайли дебиторлик қарздорлиги ошиб кетган.

Шу сабаб, чет эллик мутахассисларни жалб этган ҳолда жойларга чиқилиб, аҳоли ва ширкатлар вакиллари билан фикрлашилиб, муаммолар чуқур ўрганилди. Хориж тажрибаси асосида кўп квартирали уйларга хизмат кўрсатишни такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди.

Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигининг ҳудудий бошқармалари ҳузурида Кўп квартирали турар жой фондини таъмирлаш жамғармасини ташкил этиш, уни 35 фоиз республика бюджети, 35 фоиз маҳаллий бюджет ва қолган 30 фоизини мулкдорлар тўловидан жамғариладиган маблағлар ҳисобидан шакллантириш режалаштирилган.

Ҳисоб-китобларнинг шаффофлигини таъминлаш мақсадида бошқарув ташкилотлари ва ширкатларнинг электрон реестрини юритиш, ҳар бир кўп қаватли уйга алоҳида шахсий ҳисобрақам очиш, уйнинг хизмат кўрсатиш ҳудудини аниқ белгилаш, мулкдорларга ҳисобот бериш тартибини такомиллаштириш, ҳисоб-китобларга биллинг тизимини жорий қилиш мўлжалланган, дейилади хабарда.

Шунингдек, янги кўп қаватли уйлар фойдаланишга топширилганидан кейин икки йил мобайнида қурувчи ташкилот бошқарувида бўлишини белгилаш, турар жойларни сақлаш ва ундан техник фойдаланиш қоидаларини ишлаб чиқиш ҳам талаб этилмоқда.

Бошқарув компаниялари ва ширкатлар ходимларини ўқитиш тизимини тубдан такомиллаштириш ҳам режалаштирилмоқда.