Давлат солиқ қўмитаси ва унинг таркибий бўлинмалари ходимлари Бирлашган касаба уюшмаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев устидан Фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро судига даъво аризаси киритди. Бу ҳақда «Газета.uz»га Давлат солиқ қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.

Қўмитанинг хабарига кўра, «бунга Расул Кушербаевнинг Human.uz ахборот порталидаги „Сўз блогерларга“ кўрсатувининг 2021 йил 23 февралдаги сонида айтган ҳақоратомуз сўзлари» сабаб бўлган.

Давлат солиқ қўмитаси депутатнинг кўрсатувда айтган қуйидаги гапларини келтириб ўтди:

«Оддий солиқ қўмитасининг ходими ёки мутахассиси юк хати нима учун керак бўлишини, ҳатто у шунчалик билмайдими ё тадбиркорлар, ё одамлар шунчалик аҳмоқ деб ўйлайдимики, ўзини қилаётган ишини нотўғримаслигини исботлаши учун далил сифатида юк хатини кўрмоқчи… Пасткашлик бўлса шунчалик бўладики, [солиқ ходими тадбиркордан] юк-хатигача сўраяпти, уйидаги туалетная бумагани қанақасини ишлатишини ҳам сўрамабдида… [Солиқ органлари] айланиб ўгирилиб тадбиркорни айбдор деб топишим керак деган принцип кетяпти]…», — дейди Расул Кушербаев кўрсатувда.

Қўмитанинг таъкидлашича, Расул Кушербаев ушбу сўзлар билан солиқ органлари ходимларини асоссиз айблаган ва ушбу хатти-ҳаракатлари орқали солиқ органлари ходимлари ишчанлик обрўсига путур етказган.

Давлат солиқ қўмитаси юқорида айтилган вазиятлар бўйича қонунларни келтирган ҳолда изоҳ берган:

Солиқ кодексининг 138-моддаси, 4-қисмида камерал солиқ текшируви жараёнида солиқ органи солиқ тўловчидан (солиқ агентидан, учинчи шахсдан) ҳисобга олиш ҳужжатларини, тақдим этилган солиқ ҳисоботига ва ҳисобга олиш ҳужжатларига доир тушунтиришларни, шунингдек солиқ ҳамда йиғимларни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш билан боғлиқ бошқа ахборотни сўраб олиши мумкинлиги кўрсатилган.

Солиқ кодексининг 223-моддаси, 3-қисмига мувофиқ, юкларни товар-кузатув ҳужжатларини (юк-хати) расмийлаштирмасдан ёхуд сохта ҳужжатлар бўйича ташиш солиқ базасини яшириш деб эътироф этилади, дея маълумот берди қўмита.

«Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатларининг депутатлик одоби қоидалари 22-бандида, депутат оммавий ахборот воситаларида чиқишда давлат органлари ва бошқа органларнинг фаолиятига муносабат билдирганда, уларнинг шаъни ва қадр-қимматига путур етказадиган қўпол, ҳақоратомуз ибора ва сўзларни қўллашга, асоссиз айбловларга йўл қўйишга ҳақли эмаслиги, агар депутатнинг баёнотида шундай фикрлар мавжуд бўлса депутат ўз фикрларининг янглишлиги ёки нотўғрилигини ошкора тан олиши ва кечирим сўраши кераклиги белгиланган», — дея таъкидламоқда Давлат солиқ қўмитаси.

Қўмитанинг келтиришича, юқоридагиларга кўра Фуқаролик кодексининг 99, 100, 1021 ва 1022-моддалари ҳамда Фуқаролик процессуал кодексининг 33, 189 ва 191-моддаларига асосан жавобгар Кушербаев Расул Хидралиевич давлат солиқ хизмати органлари ишчанлик обрўсига путур етказувчи маълумотларига нисбатан оммавий ахборот воситалари орқали раддия бериши ҳамда кечирим сўраши лозим.

«Жавобгар хатти-ҳаракатлари орқали солиқ органларига 4,6 млрд сўм миқдорида маънавий зарар етказган. Ушбу маънавий зарар ундирилгач, „Маҳалла“ хайрия жамоат фонди ҳузуридаги „Саховат ва кўмак“ жамғармасига ўтказилади», — дейилади Давлат солиқ қўмитаси хабарида.

Шунингдек, хабарда давлат солиқ хизмати органлари сўз эркинлигига қарши эмаслигини таъкидлаган.

«Бироқ ҳар қандай асоссиз фикрлар учун белгиланган тартибда, қонун доирасида жавоб бериш лозимлигини ҳам унутмаслик керак. Давлат солиқ қўмитаси ва унинг таркибий бўлинмалари ходимлари Бирлашган касаба уюшмаси солиқ органлари ходимларининг нафақат ҳуқуқий ва ижтимоий манфаатларини доим ҳимоя қилади, шунингдек давлат солиқ хизмати органлари обрўсига путур етказувчи ҳаракатлар учун жавоб берилишиини талаб қилади», — дейилади хабарда.