Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманида 23 апрель куни бир гуруҳ аёллар Хўжаобод қишлоғидан ўтувчи Қарши-Самарқанд автомобиль йўлини тўсиб қўйишди. Ҳолат акс этган сурат ижтимоий тармоқларда тарқалди.

Туманнинг «Қумдарё» маҳалласи Оқтунли қишлоғида яшовчи аёллар фарзандлари қўшни қишлоқдаги мактабга бориш учун қийналаётгани, улар Хўжаобод қишлоғидаги мактабга бориши учун Қарши-Самарқанд автомобиль йўлидан кесиб ўтишлари хавфли эканини билдириб, йўлни тўсиб, машиналар ҳаракатланишига қаршилик кўрсатишган.

Маълум бўлишича, 21 апрель куни Isuzu русумли юк машинаси А-378 Самарқанд-Ғузор йўлидан Самарқанд вилояти томонга ҳаракатланаётиб, йўлнинг ўнг томонидан чап томонига пиёдалар йўлакчаси орқали кесиб ўтаётган вояга етмаган, Чироқчи тумани «Хўжаобод» маҳалласида яшовчи, 140-сонли умумтаълим мактабининг 1-синф ўқувчиси, Д.Э.ни (2014 й.т.) уриб юборган.

Оқибатда вояга етмаган Д.Э. оғир тан жароҳати олиб, шифохонада вафот этган.

Шу сабабли аёллар туман раҳбарларидан «Қумдарё» маҳалласи ҳудудидаги мактабнинг қурилишини тезлаштиришни талаб қилиб, йўлни тўсиб қўйишган. Натижада А-378 автомобиль йўлида қисқа муддатга автомашиналар ҳаракатланиши тўхтаб қолган.

Чироқчи туман ҳокимлигининг қайд этишича, «Истиқлол» қўрғончасида 2021 йил Давлат дастури асосида Чироқчи туман халқ таълими бўлимига қаршли 99-сонли умумтаълим мактаби филиалига 176 ўринли янги мактаб қурилиши режага киритилган. Мазкур мактабнинг қурилиши 2021 йилнинг иккинчи чорагида белгиланган бўлиб, ҳозирги кунда буюртмачи Қашқадарё вилояти «Ягона инжинеринг хизмати» томонидан пудратчи ташкилотлар танлови ўтказиш ишлари олиб борилмоқда.

Кейинчалик Қашқадарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати «Истиқлол» қўрғончасида қурилиши режалаштирилган янги мактаб 1 сентябрь куни фойдаланишга топширилади, дея хабар берди.

Вилоят ҳокими Зойир Мирзаев марҳума Д. Э.нинг вафоти муносабати билан унинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдириб, вазиятни тўлиқ назоратга олганини ҳамда янги мактаб қурилиши август ойида якунланишини маълум қилди.