Индонезияда чўкиб кетган сувости кемаси топилди

21 апрель куни ғойиб бўлган Индонезиянинг ҳарбий сувости кемаси 25 апрель куни Бали оролидан 97 км узоқликда ва 838 м чуқурликда топилди. Мамлакат ҳарбийларининг сўзларига кўра, кема учта қисмга бўлинган. Эҳтимол, бу чуқурликдаги сув босими туфайли содир бўлди, дея келтиради ушбу маълумотни Lu Man. Расмий равишда 53 нафар экипаж аъзоси ҳалок бўлди деб эълон қилинган, шу жумладан 49 нафари экипаж аъзоси, сувости кемаси қўмондони ва уч нафар ҳарбий хизматчи. Интерфакснинг ёзишича, бундан бир кун олдин қутқарувчилар денгиздан экипаж аъзоларининг жойнамозлари, торпеда ускунаси қисмлари, перископни мойлаш идишини топгани ҳақида хабар берилган. Қидирув ишларида индонезияликлардан ташқари Aвстралия, Ҳиндистон, Малайзия, Сингапур ва AҚШ денгиз флотининг кемалари ва вертолётлари иштирок этди. — Lu Man.

KRI Nanggala 402 сувости кемаси 21 апрель куни ғойиб бўлгани ҳақида хабар берган эдик. Янги маълумотларга кўра, маҳаллий вақт билан соат 03:30 атрофида сувости кемаси ўқув топшириғини бажариш учун шўнғишни бошлаган. Кема билан алоқа 4:25да, тезкор гуруҳ командири торпедани учиришга буйруқ бермоқчи бўлганида узилиб қолди. Эрталаб соат 5:15да сувости кемаси режалаштирилганидек сув юзига кўтарилиши керак эди. Кема 1977 йилда Германияда қурилган бўлиб, 1981 йилда Жакартага топширилган. Индонезия денгиз флотида бундай кемалар сони 5та бўлган ва Nanggala 402 улардан бири.


Исроил Ғазо соҳилидаги балиқ ови ҳудудини бутунлай ёпиб қўйди

Исроил 26 апрель куни соат Ғазо сектори қирғоғидаги фаластинлик денгизчиларнинг балиқ овлаш ҳудудини бутунлай ёпиб қўйди. Бундай қарорнинг қабул қилингани Исроил ҳудудига Ғазодан ракеталар учирилгани билан изоҳланди. ТАССнинг Kan’га таяниб ёзишича, аввал фаластинликларнинг балиқ овлаш ҳудудини 28 кмдан 17 кмга қисқартиришга қарор қилинган эди, аммо ракета ҳужумлари давом этгандан кейин ҳудудни фаластинлик денгизчиларга тўлиқ ёпиш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Ғазо секторидан Исроил ҳудудига 23 апрель оқшомидан 24 апрель тонгигача 36та ракета учирилди, «Темир гумбаз» ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими улардан олтитасини ушлаб қолди, қолганлари эса одамлар яшамайдиган жойларда портлади. 24 апрель куни кечқурун 2020 йил февралидан бери Исроилга энг кучли ракета ҳужуми қилингани қайд этилди. — ТАСС.


AstraZeneca’га қарши суд жараёни бошланди

Европа Комиссияси 23 апрель куни AstraZeneca устидан судга шикоят қилган эди, ҳозирда эса суд жараёни бошланди. Компания жамоавий сотиб олиш шартномасини бузганлиги айбланмоқда. Бу ҳақда Европа Комиссиясининг расмий вакили Стефан де Кеерсмакер маълум қилди. «Шартноманинг баъзи шартлари бажарилмади ва компания вакцина дозаларини етказиб беришни кафолатлаш учун ишончли стратегияни тақдим эта олмади», деди вакил. Европа Комиссияси ушбу юридик процедурани ўз номидан ва 27та аъзо давлат номидан бошлагани таъкидланди. — Интерфакс.

22 апрель куни Европа Комиссияси AstraZeneca компанияси устидан судга шикоят қилишини маълум қилгани ҳақида хабар берган эдик. Жорий йилининг биринчи чорагида компания Европа Иттифоқи билан шартномада белгиланган 100 млн доза ўрнига 30 млн дозани минтақа мамлакатларига етказиб берди. Иккинчи чоракнинг охирига келиб 70 млн дозани етказиб берилиши тахмин қилинган, лекин шартнома бўйича AstraZeneca 300 млн дозани етказиб бериши керак.


Сурия 1 млндан ортиқ аҳолиси ичимлик сувисиз қолганлиги учун Туркияни айбламоқда, Туркия буни рад этмоқда (хабар тўлдирилди)

SANA нашри Сурия ТИВ таяниб таъкидлашича, Турк ҳарбийларининг ҳаракатлари сабабли Суриянинг Хасеке шаҳридаги 1 млндан ортиқ аҳолиси ичимлик сувисиз қолган. «Туркия ишғол кучлари ва уларнинг ёлланма хизматчилари Хасеке шимолидаги Aллук шаҳридаги сув насос станциясининг фаолиятини тўхтатиб, 16 кун давомида шаҳар ва унинг атрофидаги сув таъминотини тўхтатдилар», дейилади ТИВ баёнотида.

Вазирлик БМТ Хавфсизлик Кенгаши ва Халқаро Қизил Хоч Қўмитаси эътиборини «мамлакат шимолий-шарқида Сурия фуқароларининг ҳаёти учун чидаб бўлмас шароитлар яратадиган Туркиянинг жиноий ҳаракатларига» қаратмоқда. Баёнотда таъкидланишича, Aнқара Aллукдаги сув станциясининг фаолиятини 2019 йил октябридан буён 23 маротаба тўхтатган. «Дамашқда коронавирус пандемияси пайтида ичимлик сувидан маҳрум бўлган бегуноҳ аҳолига нисбатан бу ғайриинсоний амалиётга чек қўйишни талаб қилмоқдалар», — дейилади баёнотда. Кейинчалик, SANAнинг хабар беришича, суриялик муҳандисларга Aллук иншоотида таъмирлаш ишларига рухсат берилган. — SANA.

Anadolu агентлиги декабрь ойида Сурия ҳукуматининг шунга ўхшаш важлари ҳақиқатга мос келмаслигини маълум қилган эди. Агентлик манбаларининг маълум қилишича, ушбу ҳудудни сув билан таъминлайдиган Аллук сув станциясидаги электр энергияси таъминотидаги узилишлар сабабли сув одатдагидек 6 та қувур орқали эмас, 3 та қувур орқали етказиб берилган. Anadolu манбалари ушбу сув станциясига электр энергияси Сурия ҳукумати режими назоратидаги Тишрин тўғонидан етказиб берилишини таъкидлашган.

Хабар тўлдирилди: 18:11 27.04.2021.


Украина Чернобиль ҳақидаги махфий ҳужжатларнинг бир қисмини ошкор қилди

Чернобиль AЭСидаги фалокатнинг 35 йиллиги муносабати билан Украина Хавфсизлик хизмати ўз архивидаги баъзи махфий ҳужжатларни, шу жумладан Чернобиль AЭС директорининг портлаш ҳақидаги биринчи ҳисоботини ва воқеа содир бўлган пайтда завод операторлари ўртасидаги музокараларини ошкор қилди. Баёнотга кўра, авариялар 1986 йилгача ҳам содир бўлган. Масалан, 1982 йилда 1-энергия блокидан радиоактив моддалар сезиларли даражада чиқиб кетган. Шунингдек, 1984 йилда 3 ва 4-энергия блокларида ҳам авариялар содир бўлган. Қайд этилишича, 1983 йилда Совет раҳбарияти Чернобиль AЭС «хавфсизлик ускуналари йўқлиги сабабли СССРдаги энг хавфли атом электр станцияларидан бири» эканлиги тўғрисида маълумот олган. Фалокат содир бўлган тақдирда, радиоактивлик Хиросима ва Нагасакидаги атом бомбаларининг портлашларига қараганда 60 баравар юқори бўлади деб тахмин қилинган, дея келтирилади баёнотда. 1986 йил 8 июлда Чернобиль AЭСидаги авариянинг барча тафсилотлари махфийлаштирилган. —  Украина Хавфсизлик хизматининг Facebook’даги саҳифаси.

«Газета.uz» ушбу фожиа ҳақида «Шаҳарни арвоҳга айлантирган авария — Чернобиль АЭСидаги портлаш тарихи» номли махсус мақоласида тақдим этади.


Шунингдек:

  • Арманистон бош вазири Никол Пашинян муддатидан олдин парламент сайловларини ўтказиш учун 25 апрель куни истеъфога чиқди. Бу вақт давомида у Вазирлар Маҳкамаси раҳбари вазифасини бажаришда давом этади.
  • АҚШ президенти Жо Байден 1915 йилда Усмонли империясида (замонавий Туркия ҳудудида) этник арманларга қарши уюштирилган қирғинларни геноцид деб тан олди. Бу сўнгги 40 йил ичида биринчи марта АҚШнинг амалдаги президенти томонидан арманлар геноцидининг расман тан олди.
  • Боғдоддаги коронавирус беморларини даволашга мўлжалланган касалхонанинг кислород сақланадиган омборида портлаш рўй бериб, ёнғин юзага келган. 80 дан ортиқ киши ҳалок бўлиб, 110 киши жароҳат олди.
  • Ҳиндистондаги касалхоналар ётоқ ва кислород тугаганлиги сабабли COVID-19 беморларини қабул қилишдан бош тортмоқда. Ўликлар кўплигидан уларнинг жасадлари кўчада ёқилмоқда. Кунига 360 мингдан ортиқ кишида вирус аниқланиб, 3 минг киши вафот этаётгани қайд этилган.
  • «Оскар-2021» мукофоти ғолиблари тақдирланди. «Nomadland» («Кўчманчилар ўлкаси») фильми энг яхши фильм деб топилди, унда асосий ролни ижро этган Френсис МакДорманд энг яхши актриса бўлди, Энтони Хопкинс эса («Ота» фильми) энг яхши актёр деб топилди.