«Mehr va оqibat» ҳайвонларни ҳимоя қилиш жамияти вилоятларда фаолият кўрсатувчи ветеринарларни Тошкентдаги хусусий клиникаларда уйсиз мушук ва итларни стрелизация қилишга ўқитиш бўйича лойиҳани ишга туширди.

Уйсиз ҳайвонлар сонини инсоний йўл билан қисқартириш дастурини уларни стерилизация ва кастрация қилиш (бичиш) йўли билан амалга ошириш таклиф қилинмоқда. Бироқ ҳайвон ҳимоячилари мамлакатнинг кўплаб ҳудудларида ушбу жарроҳлик амалиётини ўтказиш салоҳиятига эга ветеринарлар йўқлиги муаммосига дуч келдилар.

«Шунинг учун наслчиликка мўлжалланмаган ҳайвонларни мажбурий стерилизация қилиш тўғрисида ҳозирча гапира олмаймиз. Бу узоқ давом этадиган жараён ва давлатнинг ёрдамисиз уддалай олмаймиз», — дея таъкидлади жамият.

«Mehr va оqibat» жамиятининг ушбу лойиҳаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси, Тошкент давлат аграр университети ҳамда Тошкент вилояти ветеринария бошқармаси томонидан қўллаб-қувватланди. Ҳозирда қўмита ва ОТМ билан ҳамкорлик тўғрисидаги меморандумни имзолашга тайёргарлик кўрилмоқда. Бошқарма билан эса ҳужжат аллақачон имзоланди.

Лойиҳанинг биринчи босқичида Тошкент вилоятидан бўлган ветеринарлар пойтахтдаги «Доктор Вет», Liga Vet, Doctor & Animals, «Импульс» ва «Доктор Айболит» хусусий ветеринария клиникаларида стерилизация бўйича ўқишади.