«Газета.uz» нашри «Хориждаги ўзбекистонлик талабалар» лойиҳасини бошламоқда. Мазкур лойиҳа доирасида чет эл университетларида таълим олган ёки ўқиётган ўзбекистонлик талабалар билан суҳбат уюштирилади. Бунда уларнинг чет элдаги ҳаёти, нега хорижий таълимни танлаганлиги, уларнинг бошидан ўтган синовлар ҳақида сўз боради. Лойиҳанинг дастлабки меҳмони — Шаҳноза Aбдиреймова.

Шаҳноза Aбдиреймова 1998 йили Нукус шаҳрида туғилган. У Нукус шаҳридаги «Progress» мактабининг таълим ва тараққиёт марказида таҳсил олган. Ўрта маълумотни ҚДУ (Қорақалпоғистон давлат университети — таҳр.) қошидаги 1-сонли академик лицейда олган.

Шаҳноза Aбдиреймова 3 йилдан бери ўқувчиларни халқаро тестларга (IELTS, SAT, GRE) тайёрлайди. Эпидемиологик вазиятга қарамай, чет эллик талабаларга (Россия, Хитой) ZOOM платформаси орқали дарс беради. Ҳозирда Шаҳноза Нукусда Инвестиция ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Лойиҳалар фабрикасида амалиёт ўтамоқда

— Ёшлигингиздан то хорижга кетгунингизга қадар бўлган давр ҳақида гапириб берсангиз…

— Болалигимдан мени фақат онам тарбиялаган. Мактаб йилларида мен Осиё маданиятига, хусусан, корейс тилига катта қизиқиш билан қарардим. Ходимлар етишмаслиги туфайли, ўша йиллари бизнинг шаҳарда корейс тили ўқитувчисини топиш қийин эди. Мактаб кутубхонасидан китобларни олиб, ўзим мустақил ўрганишим керак эди.

9-синфни битириб, Тошкентда, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети академик лицейида таълимни давом эттирмоқчи эдим, лекин бу амалга ошмайдиган режа эди. Онамда саратон касаллиги аниқланди, у билан Нукусда қолишга қарор қилдим. Шундан сўнг ҚДУ қошидаги (Қорақалпоғистон давлат университети — таҳр.) академик лицейга ўқишга кирдим. Оиламни боқиш учун ўқув курсларида дарс беришни бошладим. Ҳозирда бир неча нафар ўқувчиларим хорижда таҳсил олишмоқда.

— Нега Ўзбекистондаги Олий таълим муассасини эмас, хориждаги олийгоҳни танладингиз?

— Мактаб ва лицейда ўқиганда қатор шаҳар ва республика олимпиадаларида қатнашиб, бир неча бор бюрократия ва коррупция муаммоларига дуч келганман. Ҳакамлар комиссиясидаги ўқитувчиларнинг савияси ҳам юқори эмас эди. Масалан, инглиз тили фанидан олимпиадада имтиҳонни текширувчи кўп сўзларнинг таржимасини билмаганлиги сабабли менга паст баҳо қўйган. Буни турли ҳудудлардан мустақил ҳакамлар бригадасини тузиб ҳал қилса бўларди.

Бундан ташқари, менинг кўп режаларим лицей маъмуриятининг тўсиқлари туфайли амалга ошмаган. Лицейда ўқиган пайтимда менинг YPEER, UNFPA, GIZ, UARZ каби халқаро ташкилотларда кўнгилли бўлишимга қарши бўлишган.

Шундай қилиб, юқоридаги сабаблар натижасида Ўзбекистонда ўқишни давом эттириш истаги йўқолди.

Мактабдаги орзуйимга эргашиб, Жанубий Кореядаги UNIST университети бизнес менежменти факултетига ҳужжат топширишга қарор қилдим. Икки йил ичида 4 маротаба рад жавобини олганимдан сўнг, кейинги семестрда яна топширмоқчи эдим. Aфсуски, ўшанда онам вафот этди ва мен ёлғиз қолдим. Жанубий Кореяда ўқишни якка ўзим эплай олмаслигим аниқ эди.

«Дунёнинг энг яхши университетлари» рўйхатида Россия университетларини кўп кўрардим, шунинг учун Россия Федерациясидаги университетларга ҳужжат топширишга қарор қилдим. Турли хил таълим дастурлари орқали кириш имтиҳонларини топширдим ва бир вақтнинг ўзида грант асосида Россия Федерациясининг 7 та университетига (HSE, МГИМО, Санкт-Петербург давлат университети, Плеханов молия университети ва бошқалар) ўқишга кирдим.

Мен бакалаврда ўқиш учун Иқтисодиёт олий мактабини танладим. Биринчи сабаб таълим тизими. Сиз таълим йўналишингизни ўзингиз танлаб, фақат ўзингизга керакли билимларни олишингиз мумкин. Кераксиз мавзулар, улар учун мажбурий тестлар йўқ.

Иккинчи сабаб — талабаларга бўлган муносабат. Талаба бу ерда асосий шахс ҳисобланади. Имтиҳонлардан олдин ҳар сафар талабалар ўқув жараёнига баҳо беришади. Натижада, маълум бир фан ёки ўқитувчи ўртача даражадан пастроқ баҳо олган бўлса, у ҳолда у кейинги ўқув йилига дарс беришдан четлатилади.

Фото: Шаҳноза Абдиреймованинг шахсий архивидан

— Хорижга кетишдан аввал сиз учун энг катта мотивация нима эди?

— Кетишдан олдин асосий мотивация халқаро тажрибага эга профессорлардан сифатли билим олиш эди. Иқтисодиёт олий мактаби (ИОМ) илмий тадқиқот муассасаси бўлганлиги сабабли талабалар ва ўқитувчилар университет ҳаётининг кўп қисмини иқтисодий тадқиқотлар билан ўтказади. Москвага жўнаб кетишдан олдин, ИОМ профессорлари қайси иқтисодий сегментлар бўйича тадқиқот қилишини батафсил ўрганишга қарор қилдим ва уларга мени қизиқтирган бир нечта саволларни юбордим. Эртаси куни саволларимга батафсил жавоб олганимдан сўнг, мен курс ишим устида қайси профессор билан ишлашни хоҳлаётганимни ва тадқиқот мавзуси қандай бўлишини тушундим.

— Хорижга келгандан кейин ўша мотивация ҳали ҳам бормиди?

— Йиллар давомида сифатли таълим олиш мотивацияси йўқолмади, аксинча янада кучайиб борди. Халқаро молия бозорларини ўрганиш учун Европада магистратурада ўқишни давом эттириш мотивацияси пайдо бўлди. Бундан ташқари, Ўзбекистонда ўзига хос «Wall Street»ни яратиш ниятим бор.

— Хорижда бўлган пайтингизда дунёқарашингиз қай даражада ўзгарди?

— Ўз маданиятингизни қабул қилиш осон, аммо бошқа мамлакатдаги ҳаёт менга ўз она маданиятимга бошқа томондан қарашга ва ўз қарашларимни кенгайтиришга ёрдам берди. Туғилишимданоқ мени қамраб олган қоида ва тамойилларга амал қилишни тўхтатдим ва нима бўлаётганини таҳлил қила бошладим.

Фото: Шаҳноза Абдиреймованинг шахсий архивидан

— Инстаграмдаги суратларингизда ўзинигизни самолётдан парашютда ташлаганлигингиз, қорли тоғларда юрганингиз акс этган суратларни кўрдик. Бу қўрқинчли эмасми?

— Парашют ёрдамида «заҳарни заҳар билан кесиш» ниятим бор эди. Ўз ҳаётингизни ҳеч қандай қўллаб-қувватлашларсиз қурганингизда, сиз жуда кўп босим ва стрессни бошдан кечирасиз. Мен мактабда ёки ишда муваффақиятсиз бўлишимдан жуда қўрқардим. Яхшиямки, ҳамма нарса муваффақиятли кечди, аммо ташвишларим тугамади, мен ҳали ҳам имкониятим йўқлигидан, дош беролмаслигимдан ва рақобатни енголмаслигимдан қўрқардим. Янгиланиш, миямни бўшатиш ва камида бир неча дақиқа нафасимни ростлаш учун бирор нарса топишим керак эди. Шунинг учун, мени ўйлантираётган нарсалардан ҳам каттароқ стрессни бошдан кечиришга қарор қилдим ва парашютдан сакрадим.

Фото: Шаҳноза Абдиреймованинг шахсий архивидан

— Хорижга борганингиздан кейин қийинчиликлар бўлдими? Энг катта қийинчилик нима эди?

— Янги муҳит ва қийин шароитлар. Биринчидан, кўчиш мен учун қийин кечди, чунки янги мамлакатда бутунлай ёлғиз эдим, у ерда дўстларим ва ҳатто танишларим йўқ, янги ҳаёт қоидаларига бўйсунишим ва ҳамма нарсани ёлғиз ўзлаштиришим керак эди. Иккинчидан, ИОМда ўқиш жуда қийин. Сиз интизомни сақлашингиз, материални тезда ўзлаштиришингиз, дарсларни қолдирмаслигингиз ва оралиқ имтиҳонлардан муваффақиятли ўтишингиз керак. Доимий босимга дош беролмайдиган ҳар бир киши ўқишдан ҳайдалади, шунинг учун бу ерда вақтни шунчаки беҳуда ва кўнгилхушлик билан ўтказиб бўлмайди.

— У ердаги ўқиш, таълим тизими қандай? Ўқишда қийинчиликлар бўладими?

— ИОМда ўқиш қийин, қийин деб ҳам бўлмайди, жуда талабчан. Бизда йилига 4 та имтиҳон ўтказилади. Бу қўрқинчли туюлиши мумкин бўлса-да, ўқитувчилар учун ҳам, талабалар учун ҳам қулайроқ тизим. Ҳар бир сессияда биз бир нечта фанларни ёпамиз. ИОМнинг қулай жадвали ўқиш вақтида ишлашга (стажировка) имкон беради. Фан бўйича якуний баҳо асосан имтиҳонга боғлиқ эмас, яъни имтиҳон якуний баҳонинг 20 фоизини, семинарлардаги фаоллик эса 50 фоизни ташкил қилиши мумкин. Ушбу тизимнинг яхши томони шундаки, у сизга дам олишга имкон бермайди.

— Хорижга келганингиздан сўнг нарсаларингизни йиғиштириб, эртага Ўзбекистонга қайтаман дейдиган ҳолатлар бўлганми?

— Мени Ўзбекистонда ҳеч нарса ушлаб турмас эди, шунинг учун қандай қийинчиликларга дуч келган бўлмасам ҳам, ягона тўғри йўл бу муаммони ҳал қилиш эди.

Фото: Шаҳноза Абдиреймованинг шахсий архивидан

— Хорижга кетишингизга оилангиздагилар қандай қарашди?

— Онамга ота-онаси ҳатто Тошкентда ҳам университетда ўқишга рухсат беришмаган. Улар онамнинг бизнинг шаҳарда, Нукусда ўқишини хоҳлашган. Кириш имтиҳонлари пайтида бобом Тошкентга санаторийга борган. Онам, фурсатдан фойдаланиб, отасини кўриш баҳонасида ҳужжатларини олиб, Тошкентга йўл олган. Кириш имтиҳонларини топшириб, университетга ўқишга кирган. Оиладаги ягона фарзанд бўлишимга қарамай, онам шундай қийинчиликларга дуч келганлиги сабабли мени ҳамма ишларимда қўллаб-қувватлаган ва чет элда ўқишимга қарши бўлмаган.

— Келажакдаги режаларингиз қандай? Ўзбекистонга қайтасизми?

— Aввал бакалаврни тугатгандан сўнг бошқа мамлакатга кўчиб ўтиш режалари бор эди, чунки мени ҳеч нарса Ўзбекистонда ушлаб тургани йўқ. Бу йил пандемия сабабли масофадан туриб ўқишга мажбур бўлдим, шунинг учун Нукусда амалиёт ўташ имкониятига эга бўлдим. Aмалиёт давомида биз ривожланишимиз ва ўсишимиз кераклигини англадим. Таълим тизимига жуда кўп ўзгаришлар киритиш керак, чунки қолган барча соҳаларнинг ривожланиши таълимга боғлиқ.

Ўзимга савол бердим: «Биз бўлмасак, ким?» Aввало, таълим дастуридаги мажбурий фанлар рўйхатини қайта кўриб чиқиш керак. Ўқувчига ватанпарварлик туйғусини сингдиришга қаратилган фанларни ўқув дастуридан чиқариб ташлаш керак, чунки бу туйғуларни китобдаги матн орқали сингдиришга ҳаракат қилишдан фойда йўқ. Буни унга ижтимоий ғамхўрлик кўрсатиш ва шахс сифатида унинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш орқали амалга ошириш яхшироқдир.

Иккинчидан, ўқитувчи ва талабаларнинг ҳуқуқларини тенглаштириш зарур. Талабалар ўқиган курслари ҳақида ўз фикрларини билдиришлари керак, ўқитувчилар эса ўз мавзулари бўйича конструктив танқид ва ўз фанларига янгилик киритишга тайёр бўлишлари керак. Учинчидан, талабалар танқидий фикрлашни, маълум бир масала бўйича ўз фикрларини асослаш ва баҳслашиш қобилиятини ривожлантиришлари керак. Шу йўл орқали бизнинг таълим тизимимиз аста-секин бўлса ҳам олдинга қадам ташлайди.

Фото: Шаҳноза Абдиреймованинг шахсий архивидан

— Aйни вақтда Ўзбекистондаги тенгдошларингиз, кичик ёшдагилар ва умуман хорижга ўқишга кетмоқчи бўлган ёшларга қандай маслаҳатлар берган бўлардингиз?

— Ҳар қандай мамлакатнинг келажаги кўп жиҳатдан ёшларнинг интеллектуал салоҳиятига боғлиқ. Мустақил таълим билан шуғулланинг, ҳар қандай имкониятдан фойдаланинг ва биринчи муваффақиятсизликдан кейин таслим бўлманг. Илм-фан билан шуғулланинг, чунки мамлакатимизда кўплаб соҳаларни яхшилаш биз билан сизнинг қўлимизда.

Қисқа савол-жавоблар:

— Нимадан афсусланасиз?

— Онам билан етарлича вақт ўтказмаганимдан афсусдаман. Ҳар йил мен яна ва яна, энг яқин одамлар билан мулоқот қилиш қанчалик муҳим эканлигини тушунаман.

— Хорижда нима сизни тушкунликка тушириб қўйган эди?

— Об-ҳаво. Ўзбекистонда яшаб, буни сезмасдим, лекин Москвада йилига қуёш нурини бир-икки мартагина кўришнинг ўзи байрам.

— Aгар 10 йил ортга қайтиш мумкин бўлганда қайси хатойингизни такрорламас эдингиз?

— Қандай бўлган бўлса ҳаммасини шундай қолдирардим. Aхир, ўтмишда қилган ўша хатоларимдан мен маълум сабоқларни олдим.

— 5 йилдан сўнг Шаҳноза Aбдиреймова ўзини қаерда ва қандай ҳолатда кўради?

— Бизнинг фонд биржамизда брокер сифатида.

— Aгар тилла балиқ тутиб олсангиз ундан Ўзбекистон учун нима сўраган бўлар эдингиз?

— 1. Барқарор миллий валюта. 2. Юқори ликвидли ривожланган фонд бозори. 3. Кўпроқ ёш профессионал кадрлар.

Оғабек Самисов суҳбатлашди.