Якунланаётган ҳафта давомида Ўзбекистон ва жаҳонда спорт соҳасида қатор воқеа-ҳодисалар содир бўлди. «Газета.uz» ушбу ҳодисаларнинг энг муҳимларидан ҳафталик спорт янгиликлари дайжестини тайёрлади. Ўзбек ва жаҳон спортидаги ҳафтанинг энг муҳим хабарлари билан қуйида танишиб чиқишингиз мумкин.

18 апрелдан 19 апрелга ўтар кечаси Европада 12 та топ клуб футбол бўйича Суперлига ташкил қилишларини эълон қилишди. УЕФА бунга қарши чиқиб, жамоаларга санкциялар қўллашини, ўйинчиларни ҳам мусобақаларидан четлатиши мумкинлигини айтди.

20 апрель куни Осиё футбол конфедерацияси футзал бўйича Жаҳон чемпионатига чиқувчи терма жамоалар номини маълум қилди. Унга кўра Эрон, Япония ва Ўзбекистон футзал термалари Литвадаги жаҳон чемпионатига йўлланма олди. Жаҳон чемпионати 2021 йил 12 сентябрь — 3 октябрь кунлари Литва мамлакатида бўлиб ўтади.

20 апрелдан 21 апрелга ўтар кечаси «Пахтакор» жамоаси ОЧЛ гуруҳ босқичида 3-тур учрашувини «Шаржа» клубига қарши ўтказди. Мазкур баҳсда 1:4 ҳисоби қайд этилди ва унда шаржаликлар ғалабага эришишди.

Айнан шу куни Англиянинг «Челси», «Арсенал», «Ливерпуль», «Манчестер Юнайтед», «Манчестер Сити» ва «Тоттенхэм» клублари Суперлигада қатнашишдан бош тортгандан кейин мусобақа расман тўхтатилди. Кейинроқ лойиҳа қайтадан кўриб чиқилиши маълум қилинди.

21 апрелдан 22 апрелга ўтар кечаси АГМК жамоаси ОЧЛ гуруҳ босқичида 3-тур учрашувни БААнинг «Шабаб Ал Аҳли» клубига қарши ўтказди. Мазкур баҳсда 2:1 ҳисобида олмалиқликлар иродали ғалабага эришишди.

22 апрель куни футбол бўйича Ўзбекистон кубоги гуруҳ босқичининг 1-тур учрашувлари якунланди. Гуруҳлардаги вазият:

Фото: ЎзПФЛ матбуот хизмати

13−23 апрель кунлари Польшанинг Кельце шаҳрида бокс бўйича ёшлар ўртасида жаҳон чемпионати бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон қизлар ва йигитлар терма жамоаси 18 нафар боксчи билан (10 нафар ўғил бола, 8 нафар қиз) иштирок этди. Ўтказилган жанглар якунига кўра, Ўзбекистон терма жамоаси боксчилари 10 та медални қўлга киритишди. Нигина Ўктамова Жаҳон чемпионатида олтин медални қўлга киритган ўзбекистонлик биринчи аёл боксчи бўлди.

23 апрелдан 24 апрелга ўтар кечаси «Пахтакор» жамоаси ОЧЛ гуруҳ босқичида 4-тур учрашувини «Шаржа» клубига қарши ўтказди. Мазкур баҳсда 1:1 ҳисоби қайд этилди ва жамоалар 1 очкодан бўлишиб олишди.