Бугун ва дам олиш кунларида Ўзбекистон ҳудудига Эрон ҳудудларидан илиқ ва қуруқ ҳаво кириб келиши бошланади, дея хабар берди Ўзгидромет.

Жума куни республиканинг кўпчилик вилоятларида ҳаво очиқ бўлиши кутилмоқда, ҳароратнинг кундузги максимуми 23−25 даражани, баъзи жойларда 8−30 даражагачани ташкил этади.

24 апрель куни Ўзбекистон ҳудудининг катта қисмида ҳаво булутли бўлади. Ёмғир кутилмайди ва ҳарорат деярли ўзгармайди.

Якшанба куни республика ҳудудининг катта қисмида ҳаво кам булутли бўлади. Кундуз кунги ҳарорат 27 даражага, жанубда ва чўл ҳудудларида 30 даражага етади.

Синоптикларнинг таъкидлашича, энг илиқ йилларда ушбу кунлардаги ҳаво ҳарорати 32−35 даража, жанубда 36−38 даража бўлган.

Шунингдек, Ўзгидромет Тошкент ва Наманган вилоятларининг тоғли ҳудудларида 2200 м дан юқорида қор кўчиши хавфи сақланиб қолмоқда, дея огоҳлантирди.