Президент Шавкат Мирзиёев 22 апрель куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида савдо ва хизмат кўрсатиш объектларини 24 соат ишлашига рухсат бериш кераклигини таъкидлади. Бу ҳақда «Газета.uz» мухбири хабар берди.

«Хизмат кўрсатишда энг муҳим масала — бу манзилни тўғри танлаш», — деган президент.

Давлат раҳбари туман ва шаҳар сектор раҳбарлари ҳар бир маҳаллада замонавий ва енгил конструкцияли «хизматлар маркази»ни ташкил этиши зарурлиги айтди.

Шунингдек, 28 та шаҳар ва аҳолиси 150 мингдан кўп 110 та туман марказида аҳолини ўзига «жалб қиладиган» савдо ва хизматлар учун махсус кўчалар ташкил этиш ва шу орқали камида 100 мингта тадбиркорлик субъектларини жойлаштириш имкони мавжуд.

«Ботир Зокиров вилоят ҳокимлари билан бирга, бир ой муддатда туман ва шаҳарлар марказларида савдо ва хизмат кўрсатиш кўчалар ва марказларнинг жойини танлаб, лойиҳасини ишлаб чиқсин ва лотларга бўлиб, танлов асосида савдога чиқарсин», — деди президент.

Давлат раҳбари республика бўйича савдо ва хизмат кўрсатиш объектларини 24 соат ишлашига рухсат бериш кераклигини қўшимча қилди.

«Шу билан бирга, ушбу савдо ва хизмат кўрсатиш объектларини, одамларга ҳалақит бермайдиган қилиб, куну-тун (24 соат) ишлашига рухсат бериш керак. Вилоят ҳокимлари ички ишлар ва Миллий гвардия бошқармалари бошлиқлари, Бобожонов (ички ишлар вазириp — таҳр.) ва Жўраев (Миллий Гвардия қўмондони — таҳр.) билан бирга, ушбу тартибни жорий қилиш ва ижросини назорат қилишга шахсан масъул бўлади», — дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

Вилоят ҳокимлари мустақилликнинг 30 йиллиги байрамига қадар вилоят марказлари ва шаҳарларда 3−4 та, пойтахтнинг эса 10 та кўчаларини аҳоли гавжум, замонавий савдо ва хизматлар марказига айлантириши шартлиги айтилди.

«Умуман олганда, олий таълим ва тиббий хизмат кўрсатувчи корхоналар бир жойга кластер усулида жойлашса, хизматлар сифати ҳам, тушуми ҳам ошади», — деди давлат раҳбари.

Икки ой муддатда вилоят марказлари ва йирик шаҳарлардаги кўп тармоқли шифохоналар, тиббиёт олийгоҳлари ҳудуди ёки унинг атрофида хусусий шериклик асосида тиббиёт кластерларини ташкил этиш бўйича лойиҳаларни танлов асосида бошлаш тўғрисида топшириқ берилди.

«Худди шу каби, Мусаев (бош вазир ўринбосари — таҳр.), Тошқулов (олий таълим вазири — таҳр.) вилоят ҳокимлари ректорлар билан бирга, икки ой муддатда ҳар бир олийгоҳ ҳудудида хорижий тиллар ва касбга ўргатиш, тайёрлов курсларини ташкил этиш бўйича хусусий сектор иштирокида камида 10 тадан лойиҳаларни бошласин», деди президент.