Президент Шавкат Мирзиёев 21 апрель куни «Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари фаолиятини ташкил этиш ҳамда ёшларнинг тадбиркорликка оид ташаббусларини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорни имзолади.

Ёшларга тадбиркорлик фаолиятини бошлаши ва юритишлари учун Ёшлар саноат зоналари ҳудудида ишлаб чиқариш майдонлари тақдим этиш орқали уларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб қилиш, «стартаплар» ташкил этиш мақсадида бизнес-инкубатор вазифаларини амалга ошириш, шунингдек, йирик саноат корхоналари билан кооперация алоқаларини ўрнатишга кўмаклашиш кабилар ёшлар саноат зоналарининг асосий мақсадлари этиб белгиланди.

1 сентябргача илк 77 та ёшлар саноат зонасини ташкил этиш режалаштирилган.

Ёшлар лойиҳаларини молиялаштириш учун Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида Ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилади. Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағлари ҳисобидан қайтармаслик шарти билан 100 миллион АҚШ доллари ажратилади. Шунингдек, бошқа манбалардан ҳам маблағлар жалб этилади.

Ёшлар саноат зоналарига жойлаштириш учун инвестиция лойиҳалари туман (шаҳар) ҳокимлари раҳбарлигида тузилган ишчи гуруҳлари томонидан танлаб олинади. Ёшлар саноат зоналари ҳудудида майдони 1000 м² гача бўлган ер участкалари, истисно тариқасида, электрон аукцион савдоси ўтказмасдан, халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларининг қарори билан ажратилади.

Патент асосида ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни таъминловчи стартап-инвестиция лойиҳалари, инновацион маҳсулотлар ишлаб чиқаришга мўлжалланган инвестиция лойиҳалари, шунингдек, импорт ўрнини босадиган ва экспортга йўналтирилган рақобатбардош маҳаллий саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳамда яратиладиган янги иш ўринларининг камида 70 фоизи ёшлар учун мўлжалланган, шу жумладан, бандлиги таъминланмаган «Ёшлар дафтари»га киритилган ёшларни иш билан таъминлаш назарда тутилган инвестиция лойиҳалари Ёшлар саноат зоналари ҳудудида жойлаштирилишида устуворликка эга бўлади.