Бухоро вилоятидаги 11 та умумтаълим мактаби масофавий таълимга ўтказилди, дея хабар бермоқда ЎзА.

Бухоро вилоятида халқ таълими тизими ходимларининг 6 нафарида, мактаб ўқувчиларининг эса 26 нафарида коронавирус инфекцияси аниқланган.

«Касаллик тарқалишининг олдини олиш ва ўқувчилар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ҳозирда улар фаолият юритаётган ва таҳсил олаётган 11 та умумтаълим мактабида анъанавий тарздаги фаолият тўхтатилди», — дейди вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Дилфуза Мустафаева.

Бошқармаси бошлиғининг маълум қилишича, мактаблар 14 кунлик онлайн режимга ўтказилган, ҳамда тиббиёт ходимлари томонидан ўқувчилар ҳамда мактаб ходимларининг тана ҳароратлари контактсиз пирометр ёрдамида ўлчанган ҳолда «тонгги фильтрлаш» бўйича махсус пунктдан ўтказилиб, кунлик маълумотларни қайд этиб борилмоқда.

Хабар берилишича, вилоятдаги таълим муассасаларига 76 тонна антисептик, вилоят ҳокимлиги томонидан 50 минг дона, маҳаллий буджет ҳисобидан 29 минг 772 дона тиббий ниқоб, 3 минг 566 дона дозатор ва 1 минг 173 дона пирометр етказиб берилган.

Умумтаълим мактабларида касаллик келиб чиқишининг олдини олиш мақсадида вилоятдаги умумтаълим муассасаларида фаолият юритаётган 37 минг 468 нафар ўқитувчи ва ишчи ходимларга 292 минг 992 дона гидроксихлорохин таблеткаси ҳамда 1 млн 98 минг 720 дона Цинк микроэлементи мавжуд дори воситалари тарқатилди. Инновацион соғлиқни сақлаш Миллий палатаси томонидан 1−4 синф ўқувчилари учун 2 минг Стронгиум Цинк биологик актив қўшимчаси берилди.

Шунингдек, президент қарорига кўра, вилоятдаги умумтаълим муассасаларида фаолият юритаётган 28 минг 575 нафар педагог гриппга қарши эмланди.