АГМК жамоаси ОЧЛ гуруҳ босқичида 3-тур учрашувни БААнинг «Шабаб Ал Аҳли» клубига қарши ўтказди. Биринчи бўлимнинг 28-дақиқасида «Шабаб Ал Аҳли» томонидан ташкил этилган ҳужум самарали якунланди. Бу вазиятда Аҳмед Алҳашми жарима майдончасига оширилган тўпни боши билан дарвозага йўллади.

Иккинчи тайм стартида ҳисоб тенглашиши мумкин эди. Лекин Санжар Турсуновнинг жарима майдончаси атрофидан йўллаган зарбасига салгина аниқлик етишмади. Шундан сўнг Санжар Шоаҳмедов ва Ҳусниддин Ғофуровнинг зарбаларидан кейин ҳам «Шабаб Ал Аҳли»ни дарвоза устуни қутқарди. «Шабаб Ал Аҳли» томонидан содир этилган иккита хавфли ҳужум ва бир жарима зарбасини Суҳробжон Султонов маҳорат кўрсатиб бартараф этишни уддасидан чиқди.

Учрашувнинг 87-дақиқасида Мурод Тошматов узатган тўпни Касян Жокич тарафга боши билан йўналтирди, Йован эса дарвоза тўрини ишғол қилди. Орадан 4 дақиқа ўтиб, ҳакам томонидан қўшиб берилган биринчи дақиқада АГМК камбекни амалга ошириб, ғалабани ўз томонига оғдиришга эришди. Жокич жарима майдончаси олдида тўпни қабул қилиб, уни Ғофуров томон узатди. Ҳусниддин эса пас орқали чап қанотдан жарима майдончаси ичига кириб келаётган Акром Комиловни тўп билан таъминлади. Комилов эса тўпни дарвозабоннинг яқин бурчагига жойлади ва АГМКга тарихий ғалабани тақдим этувчи голга муаллифлик қилди.

Ўйиндан сўнг олмалиқликлар устози Миржалол Қосимов ўз фикрларини билдирди.

Фото: АГМК матбуот хизмати

«Ўйин ҳақида гапирадиган бўлсам, икки жамоага ҳам ғалаба муҳим эди. Ютуқ иштиёқида майдонга тушгандик. Ўтган учрашувдаги мағлубиятга қарамасдан футболчилар ўйинга тўғри ёндашишди ва яхши тайёрланиб, ОЧЛ гуруҳ босқичидаги илк ғалабани тантана қилдик. Бу ҳам кичик тарих. Ғалаба серияси очилганидан хурсандмиз. Рақиб „Шабаб Ал Аҳли“ яхши, курашувчан ва шиддатли футбол намойиш этадиган жамоа. Ўйлашимча, бугунги ўйин яхши даражада ўтди. Иккинчи таймда жамоамиз ўйинни кучайтирди ва бу жиҳат беллашув якунига бориб ўз самарасини берди. Хурсандмиз. Лекин бу ғалабани эсдан чиқариб, кейинги баҳсга тайёргарлик кўриш керак. Ҳали ҳаммаси олдинда. Фурсатдан фойдаланиб бизга ишонган ва ўтган учрашувдаги мағлубиятга қарамасдан жамоамизни қўллаб-қувватлаб, далда бўлиб турган ўзбекистонлик барча футбол мухлисларига катта раҳмат айтамиз. Ва уларни ғалаба билан табриклаймиз», — дейди Қосимов.

Маълумот учун, гуруҳдаги иккинчи ўйинда «Ал Ҳилол» «Истиқлол» билан беллашди ва 3:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Шу тариқа гуруҳда «Ал Ҳилол» 7 очко билан пешқадам, «Истиқлол» ва АГМКда эса 4 очкодан мавжуд. Биринчи давра ўйинларидан сўнг гуруҳ аутсайдери эса 1 очко жамғарган Дубайнинг «Шабаб Ал Аҳли» жамоаси бўлиб турибди. Кейинги тур ўйинлари 24 апрель куни ўтказилади ва унда айнан ушбу жамоалар ўзаро жавоб беллашувларида куч синашишади.