Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги 18 апрель яъни (якшанба куни) соат 18:00 да Ўзбекистон бош вазирининг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Шуҳрат Ғаниев раҳбарлигида қишлоқ ҳўжалиги масалаларига бағишланган видеоселектор ўтказилганини хабар қилди.

Вазирликнинг эслатишича, Меҳнат кодексининг 157-моддасига мувофиқ, ишдан ташқари иш вақтида ҳамда дам олиш кунларида ходимлар ишга жалб қилинганда уларга мазкур ташкилотнинг жамоа шартномасида белгиланган, лекин камида икки ҳисса миқдорида меҳнат ҳақи тўланиши лозим.

Ёҳуд ишдан ташқари иш вақтида ёки дам олиш кунида ишга жалб қилинган ходимларга иш соатларига мутаносиб равишда отгул (қўшимча дам олиш куни) берилган бўлса, бундай ишлар учун камида бир ҳисса миқдорида меҳнат ҳақи тўланади.

Вазирликнинг Давлат меҳнат инспекцияси томонидан ходимларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш мақсадида тегишли ҳокимият, вазирлик ва идораларга дам олиш кунида ходимларни ишга жалб қилиш тўғрисида буйруқ расмийлаштириш ҳамда тегишли тўловларни амалга ошириш юзасидан огохлантириш хатлари берилган.

Шу билан бирга, вазирликнинг Давлат меҳнат инспекцияси томонидан ҳозирги кунга қадар ишдан ташқари ва дам олиш кунларида ходимларни ишга жалб қилиш юзасидан 300 дан ортиқ мониторинглар ўтказилган бўлиб, ўрганишлар давомида қонунбузилишларни бартараф этиш мақсадида ташкилот ва идораларга 150 дан ортиқ ёзма кўрсатмалар киритилган.

Январь ойида президент Шавкат Мирзиёев кераксиз мажлис ўтказадиганлар ишдан ҳайдалиши тўғрисида огоҳлантирган эди.

«Кераксиз мажлисларни ўтказишни тугатиш керак. Отбозорга айланиб кетяпти. Баъзи раҳбарлар мажлисбозлик билан касал. Кераксиз мажлислар ўтказадиган… 40 дақиқадан кўпроқ (мажлис) ўтказадиганлар ишдан кетади. Администрация ва президент йиғилишларидан ташқари», — деган эди давлат раҳбари.

Меҳнат вазирлиги иш берувчи ва ходимларга юқоридаги назарда тутилган меҳнат қонунбузилишлари юзасидан мурожаат қолдириш ҳамда қўшимча тушунтириш олиш мақсадида вазирликнинг 71−200−06−00 ишонч телефонига, 1176 қисқа рақамига, www.dmi.mehnat.uz сайтига ҳамда вазирликка ёзма равишда мурожаат қилишлари мумкинлигини эслатиб ўтди.