Эрон, Япония ва Ўзбекистон футзал термалари Литвадаги жаҳон чемпионатига йўлланма олди. Бу ҳақда Осиё футбол конфедерацияси хабар бермоқда.

Фото: Осиё футбол конфедерацияси

ОФК охирги қитъа биринчиликларидаги натижаларни ҳисоблаб, жаҳон чемпионатига йўл олувчи термаларни саралаб олди. Унга кўра, Эрон, Япония ва Ўзбекистон футзал термалари тўғридан-тўғри Литвадаги жаҳон чемпионатига йўлланма олди. Қолган 2 ўрин эгаси эса 4 та жамоа — Ливан, Ироқ, Таиланд ва Ветнам ўртасида аниқланади. Улар плей-оффда қатнашади.

Жаҳон чемпионати 2021 йил 12 сентябрь — 3 октябрь кунлари Литва мамлакатида бўлиб ўтади.

Маълумот учун, Жаҳон чемпионатига йўлланма берувчи Осиё чемпионати пандемия сабаб ўтказилмаганди. Шундан сўнг ОФК мундиал йўлланмасига эга чиқувчи жамоаларни саралашсиз аниқлаб олишга қарор қилди.