15−16 апрель кунлари президент Шавкат Мирзиёев Самарқандга ташрифи давомида вилоят фаоллари, зиёлилар ва ёшлар билан учрашган эди. Унда давлат раҳбари вилоятни ривожлантиришнинг бешта йўналишини, шу жумладан саноат, транспорт логистикаси ва туризм соҳаларини белгилаб берди.

Ушбу йиғилишда Пахтачи туманидаги 9-мактабнинг ёшлар етакчиси Муқаддас Мустафоева ҳам сўзга чиқиб, туманда ҳам Қоракўл мактабидек ихтисослашган мактаб-интернат фаолиятини йўлга қўйиш таклифини илгари сурган эди.

Президент унинг таклифини қўллаб-қувватлаб, халқ таълими вазири Шерзод Шерматовга зарурий чора-тадбирларни кўриш юзасидан топшириқлар берди.

Собиқ Пахтачи автомобиль ва йўллар касб-ҳунар коллежи биноси. Фото: Самарқанд вилояти ХТБ.

Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармасининг хабарига кўра, вазир Шерзод Шерматов 20 апрель куни Пахтачи туманига борган.

«Вазир собиқ Пахтачи автомобиль ва йўллар касб-ҳунар коллежи биноси ўрнида физика ва математика фанларига ихтисослаштирилган мактаб-интернати фаолиятини йўлга қўйиш масаласига алоҳида эътибор қаратди», — дейилади хабарда.

Мактаб-интернат ташкил этилиши кўзда тутилган бино 2009 йилда қурилган. У 850 ўқувчи ўрнига эга бўлиб, 25 та ўқув хонасидан иборат.

Ташриф вақтида Шерзод Шерматов бинонинг белгиланган талабларга жавоб бериши, мактабга малакали ўқитувчиларни жалб қилиш масалалари, қолаверса, ўқувчиларни ётоқхона билан таъминлаш имкониятларини ўрганган.

Собиқ Пахтачи автомобиль ва йўллар касб-ҳунар коллежи биноси. Фото: Самарқанд вилояти ХТБ.