20 апрелдан 21 апрелга ўтар кечаси Тошкентнинг «Пахтакор» жамоаси Осиё Чемпионлар Лигаси доирасида БАА футбол клуби «Шаржага» қарши тўп сурди.

10-дақиқада Кайонинг жаримадан тепган тўпини Санжар Қувватов қайтаргач, Ҳолид Бавазир қайтарилган тўпни дарвозага йўллаб ҳисобни очди. 21-дақиқада Драган Черан мувозанатни тиклади. У Сардор Рашидовнинг зарбасидан кейин «Шаржа» посбони қайтарган тўпга биринчи етиб келганди. 26-дақиқада Кайонинг тезкорлик билан олдинга ўтиб, узатган тўпини Салим Солиҳ дарвозага йўллади. Иккинчи бўлимда Кайонинг ўзи ҳисобдаги фарқни оширган бўлса, кейин у бошлаган ҳужумни Перейра якунига етказди — 4:1. Шу тариқа «Пахтакор» ушбу мавсумдаги биринчи мағлубиятини тан олди.

Учрашувдан кейинги матбуот анжуманида «Пахтакор» бош мураббийи Питер Хюистра қуйидаги фикрларни билдириб ўтди.

«Биз учун ёмон натижа. Рақибдан бир футболчи ўйин тақдирини ҳал қилди. Кайо барча ишни бажариб берди. Энди кейинги баҳс ҳақида ўйлашимиз керак. Гуруҳдаги ҳолатимиз жуда ёмонлашди. Энди фақат ғалабалар бизга ёрдам бериши мумкин.

Юқори савияли футболчилар кетиши таъсир қилади. Беллашувни ҳал қиладиган ўйинчиларнинг ўрнини тўлдириш қийин. Бизда Машарипов йўқ, энди ёшларни ўстиришга интиламиз. Улар шундай ўйинларда ўсиб боришади. Ўз кучимизга ишониб, навбатдаги баҳсга тетик ҳолда ҳозирлик кўришимиз зарур.

Рашидовнинг ҳолатини тўлиқроқ энди билиб оламиз. Умид қиламанки, у ҳали бизга ёрдам беради.

«Шаржа» гуруҳда жуда яхши ҳолатда. Лекин жамоалар деярли яқин савияда ва ҳали барча нарса ўзгариб кетиши мумкин", — деди Хюистра.

Маълумот учун, 3-турдан сўнг «Пахтакор» ўз гуруҳида 2 очко билан 4-ўринни эгаллаб турибди.

Эслатиб ўтамиз, бугун Олмалиқнинг АГМК жамоаси ОЧЛдаги 3-тур баҳсини БААнинг «Шабаб Ал Аҳли» клубига қарши ўтказади. Мазкур баҳс Тошкент вақти билан 00:00 да бошланади.