Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов оммавий ахборот воситалари соҳасида фаолият юритадиган тадбиркорларга амалдорлар томонидан бўлаётган босимга қарши фикр билдирди. Унинг баёноти «Чегара билмас мухбирлар» ташкилотининг матбуот эркинлиги бўйича навбатдаги рейтинги чиққан кунда эълон қилинди (рейтингда 2018 йилдан буён биринчи марта Ўзбекистоннинг кўрсаткичлари ёмонлашган).

«Баъзида давлат идораси ходимлари хусусий тадбиркорлар, яьни оммавий ахборот воситаси фаолияти билан шуғулланувчи масъулияти чекланган жамиятга қўнғироқ қилиб, улар қонун доирасида яратаётган маҳсулотларини (мақолани) ўчириб ташлашни талаб қилишади. Агарда хусусий тадбиркор бўлмиш сайт буни бажармаса уни чақиришади, қўрқитишади. Аслида бу ноқонуний ҳаракат, мансаб ваколатини суиистеьмол қилиш ҳисобланади. Соддароқ айтганда, тадбиркорнинг фаолиятига асоссиз аралашишдир», — деб ёзади Комил Алламжонов.

«Бу худдики супермаркет эгасига қўнғироқ қилиб, шу маҳсулотни савдо пештахтасидан олиб ташла дегандек талаб. Ёки шоколад заводига телефон қилиб, эртадан бошлаб мармеладли шоколадни бошқа ишлаб чиқарманглар дейиш билан тенг», — дея таъкидлайди у.

«Номи матбуот бўлгани, унинг устига миниб олса ҳам бўлади дегани эмас, — дейди Комил Алламжонов. — Матбуот маъсулияти чекланган жамияти фақат қонун олдида жавобгар бўлиши керак. Шахслар олдида эмас. Ва матбуот маьсулияти чекланган жамияти, бошқа жамиятлар билан тенг равишда эркин бўлиб, маҳсулот ишлаб чиқаришлари давомида, қонунчиликда, конституцияда давлат идораларининг топшириқларини бажариши кераклиги борасида ҳеч қандай мажбурият йўқ».

Шу куннинг ўзида олдинроқ масс-медиани қўллаб қувватлаш фонди васийлик кенгаши раиси Ўзбекистоннинг матбуот эркинлиги бўйича рейтинги ёмонлашгани учун соҳадаги барча масъул «мутасаддиларга машаққатли, сермазмун, ижодий ва тинимсиз меҳнатлари учун катта „раҳмат“» айтди.

«Барака топинглар, ҳурматлилар. Рейтинг-пейтинга бало борми, тоже мне. Тушди нима, кўтарилди нима, тўғрими? Ота-бобонг қилган ишни қилсанглар бўлмайдими, дейдиган одам йўқ. Чойхоналаримиздан, гап, улфатчиликларимиздан қўймасин. Зато бизда Бунёдкор стадиони бор. Файзимизни берсин», — деб ёзди у.

ЎзЛиДеП аъзоси, депутат Расул Кушербаев ўзининг Telegram каналида ОАВга босимлар тўғрисидаги хабарга муносабат билдирди.

«Биз либерал ғоялар тарафдори сифатида ОАВ ва сўз эркинлигини бўғиш, жамиятни ривожланишдан тўхтатишга қаратилган ҳар қандай ҳаракатни кескин қоралаймиз», — дея таъкидлайди у.

«Умид қиламизки, сўз эркинлиги борасидаги гаплар фақат сўзда эмас, амалда ҳам яхши томонга ўзгаришда давом этади», — қўшимча қилди Кушербаев.