27 март куни президент «Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида амалга ошириладиган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорга имзо чеккан эди.

Ушбу ҳужжатга кўра, 2021 йил 1 апрелдан аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, ёшлар ва хотин-қизларни даромадли меҳнат билан банд қилишга йўналтирилган дастурлари доирасида кредит олиш учун аризалари Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари ягона электрон платформаси орқали қабул қилинади.

Қарорда шунингдек, ўзини ўзи банд қиладиган фуқароларга касаначилик, ҳунармандчилик, иссиқхона қуриш ва шу кабилар учун зарурий хомашё, эҳтиёт қисм ҳамда қурилиш молларини сотиб олиш мақсадида 5 млн сўмгача кредит нақд пулда берилиши назар тутилган.


«Газета.uz»га дастур доирасида кредит олмоқчи бўлган кўплаб обуначилари томонидан банклар ва ҳокимиятларга қилган мурожаатлари бесамар кетаётгани ҳақида мурожаатлар келиб тушмоқда.

Шундан келиб чиқиб, «Газета.uz» oilakredit.uz ягона электрон платформаси орқали кредитни расмийлаштириш жараёнига оид қўлланмани эътиборингизга ҳавола этади.

Аризани тўлдириш 4 босқичдан иборат:

  • Маълумотлар сўрови;
  • Боғланиш учун маълумотлар;
  • Кредит бўйича маълумотлар;
  • Натижа.

Сиз мазкур веб-саҳифага киргач, асосий менюдан «Кредитга ариза юбориш» бандини танлашингиз лозим.

Сизда юқоридаги суратдаги каби ойна очилади. Унда кредитни жисмоний шахс ёки юридик шахс номига олишингизни белгилаб, паспорт маълумотларни киритишингиз талаб этилади.


Иккинчи босқичда ўзингиз ҳақингизда тўлиқроқ маълумот киритишингиз керак бўлади. Мурожаатчининг яшаш манзили, уяли телефон рақами ва электрон почтаси базага киритилади.

Агар сиз, паспортингизда қайд этилган манзилда истиқомат қилмасангиз, унда ойнадан «Йўқ, бошқа манзил бўйича» тугмасини босиб, керакли маълумотларни киритишингиз лозим.

Шундан сўнг, тасдиқлаш учун базага киритган телефон рақамга смс-код юборилади. Уни киритгач эса кейинги босқичга ўта оласиз.

«Кредит бўйича маълумотлар» саҳифасида сизнинг ҳудудингизга мос равишда аризалар статистикаси намоён бўлади. Шунга кўра, ойнанинг пастки қисмида 6 та дастурдан тегишлисини танлаб, фаолият йўналиши ва кредит мақсадини белгилаш талаб этилади.

Кредитга талабгорлар ушбу босқичда тавсиявий кўрсатмалар билан ҳам танишиб чиқишлари лозим. Унда қуёнчилик, лимончилик, паррандачилик, чорвачилик, асаларичилик, аҳоли хонадонларида сабзавотчилик, узумчилик ва балиқчилик лойиҳалари учун керакли тавсиявий кўрсатмалар тақдим этилган. Уларда йўналишлар кесимида кредит муддати, миқдори, шартлари қайд этилган.

Кейинги босқичда кредит миқдорини киритиш керак. Шундан сўнг, тегишли сертификат серияси ва рақамини киритиш талаб этилади. Изоҳ қисмида эса қўшимча билдирмоқчи бўлган маълумотларингизни ёзиб қолдиришингиз мумкин.

Сертификат — президентнинг 2020 йил 13 октябрдаги [ПҚ-4862-сон] қарорига мувофиқ, фақат Хотин-қизлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш ҳамда Ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш дастурларига тааллуқли. Ушбу дастурлар доирасида кредит олиш учун тегишли ўқув курсини ўтиш ва сертификатни қўлга киритиш талаб этилади.

Ўтган йилнинг 15 ноябридан Тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги ҳамда Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби томонидан маъқулланган талаблар асосида ННТлар ўқув курслари ташкил этиб келмоқда. Ушбу ўқув курсларини тамомлаб, махсус сертификатга эга бўлган ёшлар ва хотин-қизларга «Микрокредитбанк» АТБ ва АТ Халқ банки томонидан 33 млн сўмгача таъминотсиз, қолаверса, кафил, суғурта полиси ва мол-мулк гарови асосида 225 млн сўмгача микрокредитлар ажратилади.

Ҳужжатларни расмийлаштириш жараёнига қайтамиз. Ариза берувчи тоифаси қаторидан дафтарларнинг қайси бирида рўйхатда турсангиз, тегишлисини белгилашингиз лозим.

Тақдим этилган маълумотлар тўғрилигини тасдиқлагач, юбориш тугмасини босинг.

Аризангиз қабул қилингач, рўйхатга олинган (ID) рақамини сақлаб қўйинг. Унинг ёрдамида аризангиз ҳолатини кузатиб боришингиз мумкин.

Кредит учун мурожаат 7 иш кунида, ҳокимият томонидан 5 иш куни, тижорат банклари томонидан эса 1 иш кунида кўриб чиқилади.

Кредит фақат учта банк — «Агробанк» АТБ, АТ Халқ банки ва «Микрокредитбанк» АТБ томонидан тақдим этилади. Улардан қай бирини танлаш ихтиёрий.

Эслатиб ўтамиз, сайт ҳозирча тест режимида ишламоқда.

Давлат раҳбарининг жорий йил 27 мартдаги [ПҚ-5041-сон] қарорига асосан Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш лойиҳаларини молиялаштириш учун 1,3 трлн сўм маблағ ваколатли банкларнинг устав капиталига, шу жумладан «Агробанк» АТБга — 700 млрд сўм, «Микрокредитбанк» АТБга — 400 млрд сўм ва АТ Халқ банкига — 200 млрд сўм йўналтирилади.

«Аёллар дафтари», «Ёшлар дафтари» ва «Темир дафтар»га киритилган фуқароларга ажратилган кредитларнинг мақсадли ишлатилишини мониторинг қилиш масъулияти тижорат банклари билан бирга мос равишда туман (шаҳар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимлари, Ёшлар ишлари агентлигининг туман (шаҳар) бўлимлари ҳамда сектор раҳбарлари, шунингдек, маҳалла фуқаролар йиғини раислари зиммасига юклатилган.