Президент Шавкат Мирзиёев 20 апрелдаги фармони билан 9 май — Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган тадбирларга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш дастурини тасдиқлади.

Жорий йилда тадбирлар «Хотира бор экан — миллат барҳаёт», «Эътибор ва ғамхўрлик — инсоний бурч» шиорлари остида бўлиб ўтади.

«Иккинчи жаҳон уруши миллионлаб бегуноҳ одамларнинг бевақт ўлимига, мислсиз йўқотишлар ва талафотларга сабабчи бўлган дунёдаги энг даҳшатли, қонли қирғинлардан бири сифатида инсоният тарихида муҳрланиб қолди.

Кўпмиллатли Ўзбекистон халқи ҳам ҳақиқий жасорат ва фидойилик кўрсатиб, фашизм устидан қозонилган ғалабага улкан ҳисса қўшди. Хусусан, 2 миллионга яқин юртдошимиз жангларда иштирок этиб, уларнинг 500 мингдан ортиғи қаҳрамонларча ҳалок бўлди.

Шу билан бирга, уруш даврида республикамиз фронт учун зарур бўлган озиқ-овқат, кийим-кечак, қурол-аслаҳа ва бошқа воситаларни етказиб берадиган муҳим таъминот марказларидан бирига айланди. Айниқса, юртдошларимиз жанглар давом этаётган ҳудудлардан Ўзбекистонга кўчирилган 1,5 миллиондан ортиқ кексалар, аёллар ва ёш гўдакларни бағрига олиб, оғир дамларда уларга беқиёс ғамхўрлик кўрсатди".

Президент фармонидан

Фармонга асосан, ёлғиз ва кам таъминланган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларининг турар жойи ва уй хўжаликларини таъмирлаш, ободонлаштириш бўйича тегишли чора-тадбирларни амалга ошириш режалаштирилган. Шу билан бирга, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига, фронт орти меҳнат фахрийларига, мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг оила аъзоларига моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиш белгиланган.

Бош вазир Абдулла Арипов бошчилигидаги ишчи гуруҳга Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларининг ҳар бирига тиббий ва ижтимоий хизмат кўрсатиш, уларни парвариш қилиш мақсадида тиббий билимларга эга ходимларни (шартнома асосида) бириктирган ҳолда доимий равишда патронаж хизматини йўлга қўйилиши кўзда тутилган.

Бундан ташқари, уруш қатнашчилари ва ногиронларининг истаклари асосида уларни республика ҳудудидаги санаторийларга бепул юборилиши мумкин.

Тошкент шаҳридаги «Ғалаба боғи» ёдгорлик мажмуасида, вилоятлардаги «Ватанпарварлар» боғлари ва бошқа белгиланган жойларда ҳарбий техникалар намойиши, Иккинчи жаҳон уруши вақтидаги композициялар инсталляциясини, жумладан, уруш йилларининг қўшиқ ва куйлари ҳамда тегишли шароитлар яратиш билан боғлиқ тадбирларни ташкил этилади. Кўчалар ва майдонлар байрамга бағишланган плакатлар ва стендлар билан безатилади.

Мудофаа вазирлиги Тошкент шаҳрида 9 май соат 21.00 да Хотира ва Қадрлаш кунига бағишланган байрам салютини ташкил қилади.

Фармонда барча оммавий тадбирлар коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш чора-тадбирлари дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссиясининг тавсиялари асосида амалга оширилиши таъкидлаб ўтилди.