Тошкент метрополитенида жамоат тартибини бузган ҳолда тўй қилиб, уни ижтимоий тармоқларга жойлаган шахсларга нисбатан чора кўрилди. Бу ҳақда ИИВ матбуот хизмати хабар бермоқда.

Aввалроқ ижтимоий тармоқларда метро вагонида тўй нишонланаётгани акс этган видео тарқалган эди. Метро вагонида видео олган шахслар терговга чақирилган.

Қоидабузарларнинг ҳар бирига Яшнобод ва Мирзо Улуғбек тумани Жиноий ишлари бўйича судлари томонидан Маъмурий жавобгарлик бўйича кодекснинг 183 (майда безорилик), 54 (эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузиш) ва 115-моддаларига (метрополитендан фойдаланиш қоидаларини бузиш) асосан жами БҲМнинг 4 баробари (980 минг сўм) миқдорида жарима жазоси тайинланди.

«Қилган ишимиздан афсусдамиз. Бизларни кўриб кимдир метрода яна нимадир уюштирмасин. Жамоамиз билан энди метрода видео олмаймиз. Бошқа жойларда, қонунни бузмасдан видео оламиз», — дейди айбланувчилар.