19 апрель куни Ўзбекистон бўйлаб болалар орасида ичак гельминтози билан касалланишнинг олдини олиш бўйича оммавий тадбирлар бошланди, дея хабар бермоқда ССВ матбуот хизмати.

24 апрелгача давом этадиган тадбирнинг биринчи босқичида 2−10 ёшдаги (жами 6 млн 115 минг нафардан ортиқ) болалар ҳамда зарарланиш юқори бўлган ҳудудлар — Бухоро, Қашқадарё, Сурхондарё, Сирдарё, Тошкент ва Фарғона вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасидаги мактабларда 15 ёшгача (жами 445 минг нафардан ортиқ) мактаб ўқувчилари қамраб олинади.

Гельминтозлар инсон организмига паразит чувалчанглар (гижжалар) кириши натижасида юзага келади. Чувалчанглар ўзи яшаб турган вужуддаги озуқалар ҳисобига кун кўради. Ҳозирда бундай зараркунандаларнинг 250 га яқин тури аниқланган бўлиб, шулардан 9 хили болаларда учрайди.

Агар болада қуйидаги белгилар кузатилса, унда мазкур зараркунандаларнинг бири бўлиши мумкин:

  • боланинг қорни оғрийди;
  • иштаҳаси бузилади;
  • асабийлашади;
  • жиззаки бўлиб қолади;
  • уйқусида тишларини ғичирлатади.

Паразит инсон организмида 5 мингдан 150 минггача тухум қўяди. Уларнинг хавфлилиги шундаки, зараркунандалар тез ривожланади ва ичак орқали бутун танага тарқалиб, ички аъзолар ва тизимларни шикастлайди.

«Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг тақсимотига кўра, махсус дори воситалари оммавий дегельминтизациянинг 1-турини ташкиллаштириш учун ҳудудларга етказиб берилди. Болалар препаратларни боғча ва мактабларда қабул қилмоқдалар, шунингдек, уйда тарбияланаётганларга эса бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари ва Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг ҳудудий бўлинмалари томонидан ташкил қилинган гуруҳлар „махаллабай“ тарзда уйма-уй юриб, махсус дори воситаларини тарқатмоқда», — таъкидланди ССВ матбуот хизматида.

Оммавий дегельминтизация тадбирларининг иккинчи тури 6 ойдан сўнг ташкил қилиниши режалаштирилган.