Чад президенти Идрис Деби мамлакат шимолида қўзғолончиларга қарши жанг пайтида олган жароҳати туфайли вафот этди, дея хабар бермоқда РИА Новости.

68 ёшли Деби жангариларга қарши курашдаги ғалабани нишонлаш ва қуролли кучлар операцияларига раҳбарлик қилиш учун жанговор ҳаракатлар бўлган жойга борган. Тўқнашувларда давлат раҳбари жиддий жароҳат олган ва кейинчалик касалхонада вафот этган.

Аввалроқ Идрис Деби 79 фоиздан кўпроқ овоз тўплаб, олтинчи муддатга президентликка қайта сайланган эди.

Чадда 18:00 дан 5:00 гача икки ҳафталик миллий мотам ва комендантлик соати эълон қилинди. Шунингдек, ҳарбийлар қуруқлик ва ҳаво чегараларини ёпишга қарор қилишди.

Амалдаги Вазирлар Маҳкамаси ва Парламент тарқатилди. Ҳарбий кенгаш янги сайловлар ўтказишга ваъда берди.