19 апрель куни Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисасида икки киши вафот этди, дея хабар бермоқда ИИББ матбуот хизмати.

Беруний кўчасида, «Тинчлик» метро бекати яқинида, тахминан соат 23:30 да 23 ёшли А.З. бошқарувидаги Nexia-3 ва 25 ёшли Б.Н бошқарувидаги Matiz тўқнашди.

Nexia-3 йўловчиси 24 ёшли М.Т. жароҳат олиб, тиббиёт муассасасига олиб борилган. Ушбу машина ҳайдовчиси эса шифокорлар томонидан кўрсатилган тез тиббий ёрдамга қарамасдан олган жароҳатлари туфайли касалхонада вафот этган

Matiz ҳайдовчиси воқеа жойида ҳаётдан кўз юмган.


ИИББнинг дастлабки маълумотларига кўра, ЙТҲнинг келиб чиқишига Nexia-3 ҳайдовчиси белгиланган меъёрдан юқори тезликда ҳаракатланиб бошқарувни йўқотганлиги ва йўлнинг қарама-қарши томонига чиқиб кетиб бошқа машина билан тўқнашганлиги сабаб бўлган.

Мазкур факт бўйича жиноят иши қўзғатилди. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.