«Ички ишлар органлари учун профессионал кадрларни тайёрлашнинг сифат жиҳатидан янги тизимини жорий этиш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида» ги президент қарори қабул қилинди. Унга кўра, 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб, ИИВ Академиясида кадрларни тайёрлаш жараёнига бакалавриат ва магистратурани ўз ичига олувчи икки босқичли олий таълим тизими жорий этилади, дея хабар бермоқда Адлия вазирлиги матбуот хизмати.

Маълумотга кўра, бакалавриат бўйича ўқитиш кундузги ва сиртқи таълим шаклларида йўлга қўйилади.

Магистратура бўйича ўқитиш раҳбар кадрларни тайёрлашга қаратилади ҳамда иккинчи даражадаги «ташкилий-тактик бошқарув» ва «биринчи даражадаги ташкилий-стратегик бошқарув» йўналишларида ташкил этилади.

Магистратуранинг ҳар бир йўналиши бўйича ўқиш муддати 1 йил этиб белгиланди.

Шу билан бирга, ИИВ академик лицейларининг ҳуқуқшунослик фани бўйича идоравий фан олимпиадаси ғолиби бўлган битирувчиларининг Академияга ўқишга қабул қилиниши учун фақат махсус касбий танловдан муваффақиятли ўтишлари етарли ҳисобланиши маълум қилинди.

1 сентябрдан ички ишлар органларининг сержант таркибидаги лавозимларида хизматни ўташ учун фақат олий маълумотга эга бўлган шахслар қабул қилинади. Ҳудди шу санадан ички ишлар органларининг сафдор таркибидаги лавозимларига номзодлар фақат идоравий академик лицейлар, ҳарбий-академик лицейлар битирувчилари, профилактика инспекторининг ёрдамчилари, шунингдек, олий маълумотга эга ёки сиртқи таълим шакли бўйича таҳсил олаётган шахслар орасидан қабул қилинади.

Бундан ташқари, мазкур қарорга мувофиқ, Ички ишлар вазирлиги Академиясининг Нукус филиали ташкил этилади.

Филиалда тўлақонли ўқув жараёни Академиянинг бакалавриати бўйича кундузги таълим шаклида 2022/2023 ўқув йилидан бошланиши белгиланди.

Таълим олиш учун номзодлар дастлабки босқичда Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида, кейинчалик Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларида доимий яшовчи шахслар орасидан танлаб олинади.

Филиалга ўқишга қабул қилиш квотаси Академияга умумий қабул квотаси доирасида Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти ички ишлар органларининг эҳтиёжини инобатга олган ҳолда белгиланади.

Муассасада таълим олган битирувчиларга Академия битирувчилари учун назарда тутилган диплом берилади.