Жорий ҳафтада президент Шавкат Мирзиёев хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантиришга бағишланган видеоселектор йиғилишини ўтказади. Қолаверса, давлат раҳбари олти мамлакат ва Европа Иттифоқининг янги тайинланган элчиларини қабул қилиши кутилмоқда.

Бу ҳақда президентнинг матбуот котиби Шерзод Асадов душанба куни ўтказилган брифингда маълум қилди, дея хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

«Жорий ҳафта хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш бўйича кенгайтирилган йиғилиш ўтказилиши режалаштирилган. Биласизлар, бу соҳа иқтисодиётда, аҳоли бандлигини таъминлашда жуда катта салоҳиятга эга. Ривожланган мамлакатларда ялпи ички маҳсулотнинг катта қисмини шу соҳа таъминлайди. Бизда ҳам бу соҳани тўлиқ ишга солиш мақсадида янги имкониятлар, қулайликлар белгиланиши кутилмоқда», — деди у.

Фото: Абдулло Ёдгоров / «Газета.uz».

Матбуот котибининг таъкидлашича, ҳафта давомида хорижий давлатларнинг янги элчилари президент қабулида бўлишади.

«Президентимиз Бангладеш, Чехия, Миср, Иордания, Туркия, Европа Иттифоқи ва Россия Федерацияси элчилари Муҳаммад Жаҳонгир Аълам, Вацлав Йилек, Амира Фахми, Демия Зуҳайр Хаддад, Олган Бекар, Шарлотта Адриан ва Олег Мальгиновдан ишонч ёрлиқларини қабул қиладилар. Бўлажак маросим янги элчиларнинг юртимиздаги фаолиятини расман бошлаб беради», — дея таъкидлади Шерзод Асадов.

Бундан ташқари, шу кунларда давлат раҳбари иштирокида ойнинг охиригача ташкил этиладиган бир қатор иккитомонлама ва йирик халқаро тадбирларга тайёргарлик кўрилиши таъкидланди.