Ички ишлар вазирлиги карантин қоидаларини бузганларга нисбатан қатъий қонуний чоралар кўрилишини эълон қилди.

Эслатиб ўтамиз, 18 апрелдан бошлаб Коронавирусга қарши кураш бўйича махсус республика комиссиясининг қарори билан Ўзбекистонда карантин чекловлари кучайтирилди. Ҳуқуқ-тартибот ходимларига жамоат жойларида ниқоб тақиш, ижтимоий масофа ва шахсий гигиена қоидаларига риоя қилиш устидан назоратни кучайтириш бўйича кўрсатма берилди.

«Бугунги кунга қадар ички ишлар органлари ходимлари асосан карантин қоидаларини бузган фуқароларни огоҳлантириш билан чекланиб келмоқдалар. Бундан буён қонунни бузганларга нисбатан энг қатъий қонуний чоралар қўлланилади», — деди ИИВ матбуот хизмати раҳбари Шоҳрух Ғиёсов.

Тошкент шаҳар ИИБ маълумотларига кўра, пойтахтда биргина 18 апрель, якшанба кунининг ўзида жамоат жойларида ниқобсиз юриш ҳолатлари бўйича 773 та баённома тузилган. Чекловлар ҳақида огоҳлантирувчи 818 та профилактик суҳбатлар ўтказилди.

2020 йил март ойида президент Шавкат Мирзиёев қонунчиликка эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузилишини ва улар учун жавобгарликни оширишни белгиловчи тузатишларни имзолади.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддасига биноан, хавфли инфекциялар тарқалаётган шароитда жамоат жойларида ниқобсиз юриш ваколатли органнинг махсус талабларига зид ҳисобланади ва БҲМнинг 5 бараваригача қийматда жарима солинишига сабаб бўлади.

Инфекция тарқалишининг олдини олиш учун белгиланган қоидаларни бузган фуқароларга БҲМнинг 20 дан 30 бараваригача, мансабдор шахсларга эса 30 дан 50 бараваригача жарима солинишига олиб келади.

287-моддага киритилган ўзгартиришлар ички ишлар органларига ва Миллий гвардияга эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузган шахсларни маъмурий қамоққа олиш ваколатларини беради. 288-моддага биноан улар 24 соатгача ҳибсга олиниши мумкин.