Европада футбол бўйича Суперлига ташкил қилинмоқда. Мазкур мусобақанинг ташкилотчиси ким? Мусобақа раҳбарияти, унинг ўтказилиши формати қандай бўлади? УЕФА бунга нима дейди? Буларнинг барчаси ҳақида батафсил маълумотлар «Газета.uz» хабарида.

Ташкилотчи ким?

Суперлигани ташкил қилишни режалаштираётган клублар номи эълон қилинди. «The New York Times» нашрининг ёзишича, клублар аллақачон янги турнир тўғрисида принципиал келишувга эришишган ва 12 жамоа таъсисчи мақомини олиб, Суперлигани бошлашни режалаштираётганларга қўшилиш истагини билдирган.

Қуйидаги жамоалар Суперлигада иштирок этиши маълум:

  • Испаниядан «Реал Мадрид» «Барселона», «Атлетико»;
  • Италиядан «Милан», «Интер», «Ювентус»;
  • Англиядан «Арсенал», «Челси», «Ливерпуль», «Манчестер Сити», «Манчестер Юнайтед» ва «Тоттенхэм».

Янги тузилган Суперлига президенти «Реал Мадрид» клуби президенти Флорентино Перес бўлади. Клублар бу мусобақани ташкил эта олишса, унинг ўйинларидан тушадиган фойда ўзаро тенг тақсимланади. Ушбу клублар УЕФА Чемпионлар Лигасидан тушадиган даромадларни нотўғри тақсимлашидан норози бўлишганлиги айтилмоқда.

УЕФА ва ФИФА Суперлига ҳақида нима дейди?

ФИФА Европанинг топ-клублари томонидан ташкил этилган Суперлигага ўз муносабатини билдирди.

«ФИФА адолатли тақсимот моделига қатъий содиқдир. Чунки жаҳон миқёсида футболни ривожлантириш — ташкилотнинг асосий вазифаси. Низомга мувофиқ, ҳар қандай миллий, минтақавий ва глобал миқёсдаги футбол турнирлари ҳар доим молиявий тақсимотнинг асосий тамойилларини акс эттириши керак.

Шундай қилиб, ФИФА халқаро футбол тузилмаларидан ташқаридаги «Европанинг ёпиқ лигаси»га норозилигини билдиради.

ФИФА доим жаҳон футболидаги бирдамликни қўллаб-қувватлайди ва қизғин муҳокамаларда иштирок этаётган томонларни мувозанатли мулоқотга чорлайди", — деб баёнот беради ФИФА.

УЕФА ҳам Суперлига ҳақидаги хабарлар тўғрисида баёнот берди. Ушбу баёнот Англия футбол ассоциацияси (FA), АПЛ, Испания қироллик футбол федерацияси (RFEF), Ла Лига, Италия футбол федерацияси (FIGS) ва А Серия томонидан қўллаб-қувватланади.

Мазкур ташкилотлар Суперлига лойиҳаси амалга ошмаслиги учун барча чораларни кўради. Ушбу лойиҳа амалга ошган тақдирда, унда иштирок этган клублар миллий чемпионатлардан четлатилади, уларнинг Европа ёки жаҳон миқёсидаги мусобақаларда қатнашиши тақиқланади. Шунингдек, ўша клубларда тўп тепадиган ўйинчилар терма жамоаларда ўйнаш ҳуқуқидан маҳрум қилинади.

Баёнотда Суперлига лойиҳасида иштирок этишдан бош тортган немис ва француз клубларига миннатдорчилик ҳам билдирилган.

Суперлига раҳбарияти кимлар?

Турнир раиси Мадриднинг «Реал» клуби президенти Флорентино Перес этиб тайинланди. Ўринбосарлар — «Ювентус» жамоаси президенти Андреа Аньелли ва «Манчестер Юнайтед» президенти Жоэл Глейзер. «Ювентус» президенти Андреа Аньелли Суперлига яратилишига қарши чиқаётган Европа клублари Ассоциацияси (ECA)дан кетди. У шунингдек УЕФА ижроия қўмитасини ҳам тарк этди.

Мусобақа формати ҳақида

Мусобақада 20та клуб қатнашади. Улардан 15таси таъсисчи клуб ва мавсумдаги натижаларига кўра қўшиладиган яна 5 жамоа.

Жамоалар 10тадан бўлиб, икки гуруҳга тақсимланади ва уй-сафар тизимида ўйин ўтказишади. Ҳар бир гуруҳдан 3тадан энг яхши жамоа чоракфиналга йўл олади. Тўртинчи ва бешинчи ўринни эгаллаган клублар қўшимча икки ўйиндан иборат плей-оффда беллашишади. Чорафинал ва яримфинал баҳслари уй-сафар тизимида, финал нейтрал майдонда ўтказилади. Ўйинлар ҳар ҳафта бўлиб ўтади.

Турнир август ойи ўрталарида бошланиши режалаштирилган.

Молиялаштирувчи ким?

Мусобақа бош ҳомийси JP Morgan банки лигага 4,6 миллиард фунт сармоя киритишга тайёр. Бу ҳақда «Sports.ru» нашри хабар бермоқда. Банкнинг ўзи трансляция ҳуқуқларини сотишдан келгуси даромадлардан маблағларни қайтаришни кутмоқда.

  • Суперлигани стартаплар ва ёш лойиҳаларни барпо этадиган Key Capital Partners компанияси ҳам қўллаб-қувватлайди. KCP, албатта, ўз маблағига эга бўлмайди (у 2007 йилдан бери 100 миллион фунт сармоя киритди), аммо компания янги ҳомийларни жалб қилиши мумкин.
  • Corriere dello Sport хабарига кўра, DAZN телевизион ҳуқуқлари учун 3,5 миллиард евро тўлашга тайёр, лекин компания бу хабарларни рад этган.
  • 15 та таъсисчи клублар ривожланиш учун 3,1 миллиард фунт стерлинг (89 миллиондан 310 миллионгача) олади. Пулни стадионларга, машғулотларга ёки «COVID-19 туфайли бўш стадионлар билан боғлиқ йўқотишларни қоплашга» сарфлаш мумкин.

ЕЧЛ ва ЕЛ давом этадими?

УЕФА тез орада еврокубокнинг жорий мавсумидаги қолган ўйинларнинг ўтказилиши борасида хабар беради. Журналист Фабрицио Романонинг таъкидлашича, УЕФА айни дақиқаларда ҳали еврокубокларнинг яқин ўйинлари борасида ҳеч қандай баёнот бермади. Тез орада йиғилиш бўлиб ўтади ва унда қарор қабул қилинади.