Ўзбекистонда коронавирус касаллигига чалинган болалар сони кескин кўпаймоқда, улар орасида ўлим ҳолати ҳам қайд этилган, дейилади «Рост24» нашри томонидан тайёрланган видеолавҳада.

Маълумотларга кўра, 2020 йилнинг декабрь ойида Зангиота туманидаги шифохонада 50 ўринли болалар бўлими ҳам ташкил этилган эди. Ҳозирда у 100 ўринга кенгайтирилган.

Рост24 нашрининг ёзишича, охирги вақтда болалар орасида коронавирусга чалинганлар кўпайиши кузатилмоқда. Зангиотадаги ихтисослашган шифохонада 2020 йилнинг декабрь ойида 38 нафар, 2021 йилнинг январь ойида 82 нафар, февраль ойида 94 нафар ва март ойида эса 165 нафар, ва ҳозиргача 400 нафарга яқин бола даволанган.

Болалар бўлими директори ўринбосари Ҳилола Алимованинг таъкидлашича, болалар орасида пневмония ҳолатлари ҳам кузатилмоқда: «Бу дегани, болалар орасида COVID-19 касаллиги кўпайди деб айтса бўлади. Бундан ташқари болаларда пневмония ҳолатлари ҳам кузатилмоқда. Айни кунда бўлимимизда 27 нафар боланинг 13 нафари пневмонияга даволанмоқда», — дейди у.

Шифокорларнинг айтишича, коронавирусга чалинган болаларда касалликнинг қуйидаги аломатлари кўп учрамоқда.

«Бўлимимиз очилганида бошидаги клиник симптомларидан қуруқ йўтал ва тана ҳароратининг кўтарилиши бўлган. Охирги бир ой ичида эса болалар ич кетиши билан келишмоқда. Яъни болаларда ҳолсизлик ва тана ҳароратининг кўтарилиш кузатилмоқда», — дейди педиатр Ҳилола Мардонова.

Айни кунларда болалар бўлимида даволанувчиларнинг асосий қисми 5 ёшгача бўлган болалар. Шунингдек, мактаб ўқувчилари ҳам бор.

Болалар бўлими директор ўринбосари Ҳилола Алимованинг айтишича, «болалар олдинги услубда яъни анча енгил муолажада даволанишмоқда, бактерия бўлса, антибиотиклар қўшилади».

«Болалар бўлимининг жонлантириш бўлимида беморлар йўқ. Касалликка чалинганлар соғаймоқда. Шу вақтгача Зангиота махсус шифохонасида бир нафар боланинг ўлими қайд этилган», — дейилади лавҳада.

Маълумотларга кўра, ҳозирда Зангиота 1-шифохонасида 860 нафар, 2-шифохонада 632 бемор даволанмоқда. Аммо шифокорларнинг айтишича, пневмонияни ўтказиб юборган ҳолда келаётганлар кўп учрамоқда.