Самарқанд шаҳрида Nexia-3 русумли автомобиль велосипедчини уриб юборгани ҳамда автомобиль эгаси воқеа жойидан қочиб қолгани акс этган видео лавҳалари ижтимоий тармоқларда тарқалди. Мазкур ҳолат бўйича ЙҲХББ изоҳ берди.

19 апрель куни соат 07:30ларда Самарқанд шаҳридаги Гагарин кўчасида ҳайдовчи С.М. Nexia-3 русумли автомобилни бошқараётиб, йўлнинг чап томонидан ўнг томонига кесиб ўтаётган велосипедчи А.А.ни уриб юбориб, ЙТҲ содир этган.

Натижада, велосипедчи 35 ёшли А.А. тан жароҳати билан шифохонага ётқизилган.

Текширув давомида велосипедчининг мастлик ҳолатида бўлганлиги аниқланган.

«Мазкур ЙТҲ юзасидан Самарқанд шаҳар ИИО ФМБ ЙҲХБ томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда», — дейилади хабарда.

Аввалроқ, Фарғонада икки кунда икки нафар велосипедчи ЙТҲга учраб, ҳалок бўлган эди.