17 апрель куни Осиё Чемпионлар лигаси доирасида «Пахтакор» жамоаси ўз иштирокини давом эттирди. «B» гуруҳидан жой олган Ўзбекистон жамоаси 2-тур учрашувини Ироқнинг «Эйр Форс» клубига қарши ўтказди. Зерикарли кечган баҳсда 0:0 ҳисобидаги дуранг натижа қайд этилди.

Биринчи бўлимда ташаббус тўлиғича «Пахтакор» тарафида бўлди. 18-дақиқада Чераннинг узатмасидан кейин Эркинов рақиб дарвозабони билан бирга-бир чиқиб борди, аммо Ҳожиматнинг зарбасига аниқлик етишмади. Орадан ҳеч қанча ўтмасдан қулай вазиятда Дердийок тўпга етиб кела олмади. Биринчи бўлим охирларида Черан икки ҳолатда қулай имкониятга чиқди, бироқ ҳар икки сафар Рашидовнинг узатмасидан кейин Драган салгина ноаниқ зарбалар йўллади.

Иккинчи бўлимнинг дастлабки қисмида тўпни кўпроқ назорат қилиш энди ироқликлар тарафига ўтди. Лекин учрашувда Қувватов дарвозаси томон ҳақиқий хавф туғдирган бирорта зарба берилмади. Баҳс сўнггида яна олдинга ташланган «Шерлар» бир неча кескин вазиятларни юзага келтиришди. Бироқ Чераннинг икки зарбаси голга айланмаган бўлса, Йўлдошев ва Муҳиддиновнинг зарбаларини ҳимоячилар қайтаришди.

Ўйиндан сўнг тошкентликлар бош мураббийи Питер Хюистра ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтди.

«Менимча, бугунги ўйинда ғалабага ҳақли эдик. Биринчи бўлимда имкониятлар юзага келтирдик. Иккинчи бўлимни яхши бошламадик, лекин алмаштиришлардан кейин яна ташаббусга эришдик. Бироқ гол ура олмадик. Бугун биринчи беллашувга нисбатан фаолроқ ўйнадик.

Охирги мўлжални нишонга олишда адашдик. Ўйин бошиданоқ вазиятлар юзага келтирдик. Рақибда эса дарвозага хавфли зарба деярли бўлмади. Биз ҳужумкор футбол кўрсатишга интиламиз. Ҳужум уюштириш ва ўйин назоратида яхшироқ бўлдик. Энди кейинги баҳсда ғалаба қозонишга ҳаракат қиламиз", — дейди «Пахтакор» устози.

Эслатиб ўтамиз, 1-турда «Пахтакор» жамоаси Эроннинг «Трактор» клубига қарши баҳсда 3:3 ҳисобидаги дурангга имзо чеккан эди. 2-турдан сўнг гуруҳда иккинчи ўринни эгаллаб турган «Пахтакор» 20 апрель куни «Шаржа» билан беллашади.

Шунингдек, бугун олмалиқнинг АГМК клуби Тожикистоннинг «Истиқлол» жамоасига қарши ОЧЛдаги 2-тур учрашувини ўтказади.