Ўзбекистон Гидрометеорология хизматига муҳим вазифалар топширилган бўлиб, ҳаётнинг барча соҳалари, шубҳасиз, унинг фаолиятига боғлиқ. Бу фақатгина одатий об-ҳаво башоратидан иборат эмас, балки фуқаро авиацияси учун метеоролик хизмат кўрсатиш, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳалар учун прогнозларни ҳозирлаш, дарёларнинг сувлилик даражаси прогнозлари, қор кўчкиси ва сел тошқинлари хавфи, атмосфера ҳавоси, сув ва тупроқнинг ифлосланиш ҳолати ва бошқа кўплаб маълумотларни тайёрлашни ўз ичига олади.

6 апрель куни Гидрометеорология хизмати маркази (Ўзгидромет) мутахассислари Бўстонлиқ туманида — Тошкент вилоятининг Қозоғистон ва Қирғизистон билан чегарадош ҳудуддаги энг баланд нуқтасида вертолётда доимий аэровизуал кузатувлардан бирини ўтказди. Шу ерда, денгиз сатҳидан 2100 м баландликда Ўзгидрометнинг энг баланд тоғ метеостанцияси — Ойгаинг ихтисослашган қор кўчки станцияси жойлашган. Марказ таклифи билан бир гуруҳ журналистлар, жумладан, «Газета.uz» мухбири Ўзгидрометнинг, хусусан Ойгаинг станциясида яшаб, меҳнат қилаётган ходимлари фаолиятига назар ташлаш имкониятига эга бўлди.

Тоғлар сари парвоз.

Ушбу ҳудудда аэровизуал кузатувлар баҳорда ҳукумат томонидан тасдиқланган режа асосида қор тўпланиш ҳажмларини аниқлаштириш, қор қопламлари, музликлар, дарёлар, сел ва кўчки хавфи мавжуд бўлган зоналар, ёрилиш хавфи бўлган кўллар (улардан бири Шобуркўл) ҳолатини баҳолаш, гидрометеорологик вазиятлар ва геологик жараёнларнинг ривожланиш динамикасини кузатиб бориш ва прогнозлаштириш мақсадида амалга оширилади,

Ойгаинг станцияси

Тошкентдан Ойгаинггача вертолётдаги парвоз бир соатдан зиёдроқ давом этди. Йилнинг совуқ вақтларида бу ерга фақатгина шу орқали келиш мумкин. Ёзги вақтларда эса бу ерларга «УАЗик"ларда келиб-кетиш мумкин. Машинада пойтахтдан бу ерга қадар етти соатдан зиёдроқ вақт йўл босиш керак. Энг яқин аҳоли пункти — Пском қишлоғигача 80 км бор.

Яшил тоғолди ҳудудлари қорли чўққилар билан алмашмоқда.

Ойгаинг дарёси.

Ойгаинг станцияси Ўзгидромет ва Тошгидрометнинг тезкор ишлаб чиқариш бўлинмаси ҳисобланиб, асосий вазифаси қор кўчкилари ва гидрометеорология кузатувларини олиб боришдан иборат. У 1962 йил 1 декабрдан буён фаолият кўрсатмоқда ва Чорвоқ сув омборига қуйиладиган Пскем дарёси таркибига кирувчи Ойгаинг дарёси қирғоғидаги текис тоғ дарасида жойлашган. Станция жойлашган жойнинг асосий ландшафти — альп ўтлоқлари ва арчазорлар. Ойгаинг ва унинг ирмоқлари ҳавзаси қалин қайин ўрмонлари билан қопланган. Бу ерда бўри, айиқ, тулки ва қор барси каби ёввойи ҳайвонлар учрайди.

Ойгаинг станцияси яқинида.

Вертолёт қўнадиган жой кўмир билан белгилаб чиқилган.

Станцияда учта ходим бор — бошлиқ ва икки нафар метеоролог-техник. Бошлиқ Равшан Ибрагимов ва унинг рафиқаси бир неча йилдан бери шу ерда яшашади, уларнинг Сафар исмли кичик ўғли бор. Бошқа бир ўғли эса бу йил биринчи синфга борди, ота-онаси уни камдан-кам кўришади. Сиз станцияни фақат меҳнат таътили пайтида, асосан ёзда ва фақат «Ўзгидромет» раҳбариятининг рухсати билан тарк этиши мумкин.

Станция ҳудудида хизмат биноси ва бир неча хонадан иборат уй жойлашган. Ҳар йили кузда бу ерга вертолётда озиқ-овқат, ёқилғи-мойлаш материаллари, дори-дармон воситалари, махсус либослар ва керакли материаллар етказиб берилади. Бундан ташқари, бу ерда чорва ва паррандалар ҳам сақланиб, ходимларни янги соғилган сут, тухум ва гўшт билан таъминлайди. Одамлар билан ит ҳам яшайди.

Метеорологик қути ва ёмғир ўлчагич. Юқорида, тепаликда янги автомат (чапда) ва ярим автомат об-ҳаво станцияларининг устунлари жойлашган.

Ойгаинг станцияси ходимлари кунига саккиз марта — ҳар уч соатда — ҳаво ва тупроқ ҳарорати, ҳаво намлиги, атмосфера босими, шамол йўналиши ва тезлиги, ёғингарчилик даражаси, шунингдек, қор қопламининг баландлиги ва қор кўчкиси эҳтимоли (кунига бир марта) тўғрисидаги маълумотларни рўйхатга олиб, марказга юборади.

Қор қалинлигини ўлчайдиган устунчалар. Бу ерда қор қалинлиги — 1 метр 5 см.

Мазкур станция таркибига Кўксув дарёсининг юқори қисми ва ҳавзасида жойлашган иккита ахборот бермайдиган гидрологик пост ҳам киради. Уларда сув сатҳи, унинг ҳарорати, ҳаво ҳарорати ва ёғингарчиликлар даражаси ўлчанади, қишги вақтларда эса муз билан боғлиқ ҳодисалар кузатуви олиб борилади. Бу ерда мобил алоқа мавжуд эмас, алоқа фақатгина рациялар орқали амалга оширилади.

Автоматлаштирилган метеостанция.

Ўтган йилнинг декабрида бинолар ёнидаги тепаликка 10 метрли устунли янги автоматлаштирилган метеостанция ўрнатилди. Равшан Ибрагимовнинг айтишича, аввалроқ ходимлар ҳар қандай об-ҳаво шароитида ҳам асбоблар кўрсаткичларини қайд этиш учун метеомайдончага боришлари керак эди. Энди маълумотлар автомат равишда компьютерга, у ердан эса сунъий йўлдош алоқаси орқали Ўзгидрометга узатилади. Бир вақтнинг ўзида, улар маълумотлар базасида архивланади.

Станция бошлиғи Равшан Ибрагимов.

Автоматлаштирилган метеостанциянинг жорий маълумотлари компьютерда акс этади.

Шунга қарамай, жорий йил давомида янги метеостанция синов муддати давом этар экан, ходимлар қўлда ўлчовларни амалга ошириб, уларни автомат равишда қўлга киритилган маълумотлар билан таққослашда давом этадилар. Автоматлаштирилган метеостанция ёнида ярим автомат станция ҳам мавжуд — у 2005 йилда USAID кўмаги билан ўрнатилди.

Аввалроқ ўрнатилган ярим автомат метеостанция.

Ҳаммаси бўлиб Тошкент вилоятида 25 та станция ва метеорологик кузатув пунктлари мавжуд.

Қаҳрамон Зоҳидов.

Ўзгидромет Гидрометеорологик кузатувлар тармоғи бошқармаси бошлиғи Қаҳрамон Зоҳидов янги метеорологик станция президент Шавкат Мирзиёевнинг «Ўзгидромет» фаолиятини такомиллаштириш тўғрисидаги ноябрдаги қарори билан ўрнатилганини маълум қилди. Ҳужжат билан 2020−2025 йилларда гидрометеорология хизматини ривожлантириш концепцияси ҳамда марказнинг кузатув тармоғини кенгайтириш ва автоматлаштириш дастури ҳам тасдиқланди.

Ойгаинг станцияси теварак-атрофи.

Фармон қабул қилинишидан олдин «Ўзгидромет» ходимлари очиқ хат эълон қилиб, унда иш ҳақининг пастлиги ва тегишли ходимларни ишдан бўшатиш масаласини тезда ҳал этишни, шунингдек, Ўзгидромет фаолиятини ва соҳани ривожлантиришнинг узоқ муддатли стратегиялари бўйича чоралар кўришни сўрашган эди. Ўшандан буён станция ишчиларининг иш ҳақи уч бараварга ошди. 2022 йилда Ойгаинг об-ҳаво станцияси учун янги бинолар қуриш режалаштирилган.

Ойгаинг станцияси биноси.

Ҳозирга қадар мамлакатда шу ердагига ўхшаш 50 та автоматлаштирилган станция ўрнатилган. Ушбу иш давом этмоқда. Умуман олганда, фармон доирасида беш йил ичида метеорологик станциялар сонини 70 дан 89 гача, қор кўчки станцияларини 3 дан 8 гача, авиация метеорологик станцияларини 12 дан 14 гача, метеокузатув пунктларининг умумий сонини эса 335 тадан 397 тага ошириш режалаштирилган .

Ойгаинг станцияси теварак-атрофи.

«Ойгаинг станциясининг асосий вазифалари — метеорологик кузатувларни ишлаб чиқариш ва қор миқдорини аниқлашдир. Макур станция маълумотлари асосида аэровизуал кузатувлар олиб борилади. Масалан, агар бу ерда қор даражаси 1−2 метрга етган бўлса, демак, баланд тоғ ёнбағирларида қорнинг баландлиги тахминан 3 метрни ташкил қилиши мумкин», — деб тушунтирди Қаҳрамон Зоҳидов.

Авиадесант ишлари

Йўловчиларнинг бир қисмини Ойгаинг станциясида қолдирган Ўзгидромет мутахассислари Пскем ва Ойгаинг дарёлари ирмоқларидаги сув ҳавзаларининг ҳолатини кузатиш учун учиб кетишди.

«Бизнинг асосий вазифамиз — қор кўчкиларини рўйхатдан ўтказиш ва қор қопламининг ҳажмини — баландлиги, зичлиги, ҳарорати, майдонини аниқлаш», — дейди Ўзгидрометнинг хавфли гидрометеорологик ҳодисалар мониторинги бўлими 1-тоифали муҳандиси Нодир Мамадалиев.

«Парвоз бутун минтақани тавсифловчи репрезентатив нуқталар бўйлаб амалга оширилади. Бу ерда масофавий қор ўлчагич устунчалар ўрнатилган — уларнинг баландлиги 3, 4, 5 метрни ташкил қилади, маълумотлар эса визуал шаклда олинади», — деди у. Биргина Ойгаинг ҳавзасида 20 дан ортиқ шундай устунчалар мавжуд.

Нодир Мамадалиев.

Баъзи қор ўлчаш пунктларида мутахассислар қор қопламасининг баландлигини, унинг таркибини (зичлигини) ва ҳароратини ўлчаш учун қорга тушишди.

Ана шундай нуқталардан бири денгиз сатҳидан 2937 метр баландликда жойлашган.

Ўзгидрометнинг Хавфли гидрометеорологик ҳодисаларини кузатиш бўлими етакчи муҳандиси Адхам Мамараимов ва 2-тоифали муҳандиси Сергей Атаханов қор ўлчагич ёрдамида ўртача қийматни аниқлаш учун бир неча жойларда ўлчов ўтказдилар, қор даражаси 195 дан 300 смгача эди.

Адҳам Мамараимовнинг сўзларига кўра, қор, бу ерда ўтказилган экспедициялар маълумотларига кўра, сентябрдан бери тўпланиб, февраль-март ойларига қадар максимал баландликка эришган.

Йиғилган маълумотлар асосида қор захиралари ҳажмини аниқлаш ва дарёлардаги сув ҳажмини тахмин қилиш имконини берадиган ҳисоб-китоблар амалга оширилади. Ушбу маълумотлар ҳукумат ва турли идоралар томонидан, шу жумладан ҳудудлар кесимида қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун сув ҳажмини тақсимлашда ишлатилади.

Қор кўчкисини рўйхатдан ўтказиш. Фото: Ўзгидромет.

Қаҳрамон Зоҳидов қўшимча равишда қор кўчкиларини автомат равишда олдиндан башорат қиладиган қурилмалар йўқлигини қўшимча қилди. Буни фақат визуал кузатиш ва ҳисоблаш йўли билан амалга ошириш мумкин. Нишабларнинг ҳолатига асосланиб, қор массасининг тахминий ҳажми ва эҳтимолий кўчки аниқланади. Хавф мавжуд бўлган тақдирда хатар тўғрисида огоҳлантириш тайёрланади — ўзбекистонликлар ушбу маълумотларни мунтазам равишда SMS орқали оладилар.

Кузатиш нимани кўрсатди

Аэровизуал кузатув шуни кўрсатдики, Пскем ва Ойгаинг дарёлари ҳавзаларида қор захиралари кўп йиллик ўртача қийматларнинг тахминан 90 фоизини ташкил қилади, дея хабар берди Ўзгидромет матбуот хизмати парвоз натижалари бўйича «Газета.uz»га.

Айни вақтда, қор қопламининг юқори қатлами февраль ва март ойларидаги ёғингарчилик туфайли ҳосил бўлганлиги маълум бўлди. Сув захираларининг юқори кўрсаткичларини таъминлайдиган зич, ярим муз қопламини ҳосил қилиш учун ҳаво ҳарорати -15 … -18 даража ва ундан пастроқ бўлиши керак. Февраль ва март ойларида бундай ҳарорат бўлган кунлар етарли эмас эди. Март ойида ҳаво ҳарорати меъёрдан 5−8 даража юқори бўлиб, денгиз сатҳидан 2500 метрдан юқори баландликда қорнинг эришини тезлаштирди ва қор захирасини камайтирди.

Олинган маълумотларни ҳисобга олган ҳолда, Ўзгидромет мутахассислари вегетация даврида Чирчиқ дарёсининг сувлилик прогноз кўрсаткичлари меъёрнинг 75−80 фоизини ташкил этиши мумкинлигини тахмин қилишмоқда.

«Газета.uz» аэровизуал кузатувлар ўтказилиши жараёни билан танишиш имконияти тақдим этилгани учун Ўзгидрометга миннатдорчилик билдиради.