Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илғор технологиялар маркази ҳамда Фанлар академиясининг Геномика ва биоинформатика маркази олимлари томонидан ишлаб чиқилаётган коронавирусга қарши вакциналар Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг номзод вакциналар рўйхатига киритилди, дея хабар қилди Инновациялар вазирлиги матбуот хизмати «Газета.uz»га.

Илғор технологиялар маркази рекомбинант S оқсилли, Геномика ва биоинформатика маркази эса SARS-Cov-2нинг оқсил бўлагининг уч соҳаси: pcDNA3. 1 (+) плазмидасига қўйилган NTD, RBD ва HR1-HR2 вакцинасини ишлаб чиқди. Мазкур икки вакцина ҳозирда клиник олди синовларидан ўтмоқда.

ЖССТнинг маълумотлар базаси COVID-19 вакцинасига қарши вакцина-номзодлари тўғрисида тўлиқ маълумотларни йиғиб боради. Мазкур база мунтазам равишда — ҳафтасига икки марта янгиланади. Унда COVID-19га қарши номзод-вакциналарнинг клиник ва клиник олди жадвали келтирилган бўлиб, номзод-вакциналарни таҳлил қилиш имкониятини беради. Ҳар бир вакцинанинг 1-фаза, 2-фаза ва 3-фаза синовлари кузатилади. Вакциналарнинг хавфсизлиги ва самарадорлиги тўғрисидаги илмий мақолаларга ҳаволалар берилади. Шунингдек, бу база ҳар бир номзод-вакцинанинг асосий хусусиятлари тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олади.

Ўз навбатида мазкур платформа орқали COVID-19 қарши яратилаётган вакциналар турли критерийлар, хусусан вакцина платформаси, вакцинация графиги, қўллаш усули, ишлаб чиқарувчиси, синов фазаси, клиник натижалар бўйича таснифланган.

ЖССТнинг 16 апрелдаги маълумотларига кўра, 88 та вакцинага клиник синовлардан ўтишга рухсат берилган, 184 та вакцина клиник олди синовлари босқичида турибди. Дунё бўйича COVID-19га қарши 19 та вакцина тасдиқланди ёки тасдиқланиш арафасида.