Адлия вазирлиги томонидан Ўзбекистон текбол федерацияси давлат рўйхатидан ўтказилди, дея хабар қилди Адлия вазирлиги матбуот хизмати. Миллий олимпия қўмитаси бош котиби Ойбек Қосимов мазкур спорт ташкилотининг президенти бўлди.

Ушбу ташкилотнинг асосий мақсади Ўзбекистонда текбол спорт турини ривожлантириш, оммалаштириш, текбол спорт тури бўйича профессионал ва ҳаваскор спортчиларни тайёрлаш, шунингдек аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишдан иборат.

2021 йил мартида Халқаро текбол федерацияси (FITEQ), Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги ва Миллий олимпия қўмитаси ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзолаган эди. Ҳужжатга мувофиқ, FITEQ Ўзбекистонга 10 минг дона инвентар тақдим этади, ХТВ ва МОҚ эса мамлакатда ушбу спорт турини оммалаштириш билан шуғулланади.

Текбол — 2014 йилда венгриялик собиқ профессионал футболчи Габор Боршани ва дастурчи Виктор Гусар томонидан асос солинган спорт туридир. Текбол футбол ва стол тенниси қоришувидан иборат. Яккалик баҳсларда икки ўйинчи, жуфтлик баҳсларида эса уч ёки тўрт киши ўйнайди. Эгри стол ва футболникига ўхшаш тўп ишлатилади, уни қўллардан ташқари тананинг ҳамма жойлари билан уриш мумкин. Халқаро миқёсда ўйин Халқаро текбол федерацяси (FITEQ) томонидан тақдим этилади. Мусобақада бир қатор жаҳон даражасидаги футболчилар (масалан, «ПСЖ» ҳужумчиси Неймар ва «Барселона» ярим ҳимоячиси Филиппе Коутино) иштирок этишган ва ушбу спорт турининг эҳтимолий олимпия мақоми муҳокама қилинмоқда.