Мажбурий ижро бюросининг Ангрен шаҳар бўлими бошлиғи Моҳизода Юсупова ходимларни ҳақорат қилгани учун ҳайфсан олди, дея хабар берди МИБ матбуот котиби Фарруҳ Тошпўлатов «Газета.uz»га.

14 апрель куни Kun.uz Моҳизода Юсупованинг режани бажармаган ходимларни номақбул сўзлар билан ҳақоратлагани, уларга таҳдид қилгани ва ярим тунда мажлисга келишга буйруқ бергани акс этган аудиоёзувни эълон қилди.

Ўтказилган хизмат текшируви натижаларига кўра, 7 апрель куни ушбу МИБ бўлим раҳбарига Telegram телеграм тармоғи орқали йўналишдаги асосий ундирувларнинг бири бўлган «Аёллар дафтари», «Темир дафтар» ва «Ёшлар дафтари» бўйича ундирувлар камайгани ҳақида қўл остидаги ходимлар маълумот беришгани маълум бўлди.

«Ушбу йўналишдаги ундирувлар ҳар бир ходимга ўртача 10 тагача тақсимлангани, бироқ айрим ходимлар бу йўналишдаги ишларга масъулиятсиз билан қараши, қолган ходимларнинг ишчанлик кайфиятига салбий таъсири этишини ўйлаб, жаҳли чиқиб, ушбу Telegram телеграм тармоғи орқали ҳақоратли сўзлар билан аудио ёзув юборган», — дея тафсилотларни келтирди МИБ.

Фарруҳ Тошпўлатовнинг сўзларига кўра, Моҳизода Юсупова ушбу ишдан қаттиқ афсусда ва ҳар қандайинтизомий жазо учун ўзини айбли деб билмоқда.

Моҳизода Юсупова Бюро органларида 2017 йилдан, эгаллаб турган лавозимида 2018 йилдан фаолият кўрсатиб келмоқда. Муқаддам собиқ Суд депаратменти тизимида 20 йил давомида турли лавозимларга фаолият кўрсатган. Унинг қаттиққўл, масъулиятли ва талабчан ходим сифатида тавсифланилиши маълум қилинди.

Олиб борилган хизмат текширувлари натижасига кўра, 16 апрель куни Моҳизода Юсуповага «ҳайфсан» интизомий чораси қўлланилди. Бундан ташқари, МИБ Ангрен туман бўлимида хизмат қилаётган 7 нафар ходимнинг ишга бўлган масъулияти ва жавобгарлигини ошириш, меҳнат ва ижро интизомига қатъий риоя этиш бориши бўйича профилактик суҳбат ўтказилди.

МИБ матбуот котиби ҳозирда бу каби нохуш ҳолатларнинг олдини олиш бўйича Бюро тизимидаги ходимлар ўртасида хизмат мавқеини суиистеъмол қилиш ва ножўя хатти-ҳаракат қилишининг олдини олиш, раҳбар ходимларнинг қўл остидаги ходимларга ҳар томонлама ижобий ва хушмуомалали муносабатда бўлиши, меҳнат ва ижро интизомига риоя этилиши бўйича тегишли чоралар белгиланди.

У Моҳизода Юсупованинг МИБ бўлимлари раҳбарлари орасидаги ягона аёл киши эканини қайд этиб ўтди.

Аввалроқ Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати ижтимоий тармоқларда МИБнинг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси ходимлари номидан Бош прокурорга шикоят йўллангани ҳақида хабарлар тарқалганини маълум қилди. Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси Бош прокуратурадан мазкур ҳолатни назоратга олган ҳолда ўрганиб чиқишни ва натижаси юзасидан расмий баёнот беришни сўради.