Тошкентдаги мактаблардан бирида дарс пайти болаларнинг оёқ кийимини ечтириб, пайпоғини калта ёки узунлигини текширишган. Мазкур ҳолатга эса ЛГБТга қарши кураш деб тушунтириш берилган. Бу ҳақда «Bloger Shahnoza» телеграм-канали муаллифи Шаҳноза Соатова ёзиб қолдирди.

«Кеча ўғлимнинг синфига кириб дарс пайти болаларнинг оёқ кийимини ечтириб, пайпоғини кўришибди: калтами-узунми? Калта пайпоқли оёқларни суратга олишибди (бола ҳуқуқлари? У нима???). Буни ЛГБТга қарши кураш деб тушунтиришибди», — деб ёзади у.

Блогер дарс ўрнига ЛГБТ мавзусини эслатадиган маърузалар кириб боргани бўйича савол қўйди. Ушбу антитарғиботни абсурд даражага олиб чиқишаётганини билдирди.

«Мавзуни ёпинглар энди, ҳеч бўлмаса мактабларда! Мен буни ҳам ЛГБТ тарғиботи деб баҳолайман, қора пиар ҳам пиар, ахир», — дейди блогер.

Халқ таълими вазирлигининг «Газета.uz»га маълум қилишича, бу ҳолат бўйича Халқ таълими тизимидан бундай топшириқ тушмаган.

«Суриштириб кўрсам, Халқ таълими тизимидан бундай топшириқ тушмаган. Демак, бошқа бир ташкилотнинг топшириғи (балки, кимнингдир шахсий ташаббусидир — яхши гумон). Биз болаларимизни мактабга жўнатар эканмиз, уларнинг таълимини ҳам, тарбиясини ҳам ўзимиз танийдиган, болаларимиз билан бевосита мулоқотда бўладиган ўқитувчисига ва мактабга ишонамиз. Бироқ мактабга хўжайин кўп, ҳамма ўзининг йўл харитасини, дастурини бажариши керак, шунга дарс пайти эшикни тепиб кириб бораверишади. Дарс муқаддас, таълим муқаддас деган тушунча йўқ. Ҳар сафар болалар мактабдан „дарсда формамизни текширди, галстук тақмаганларни уришди“ деб келганида, барбод бўлган дарсга ачинаман», — дейди Шаҳноза Соатова.

Шунингдек, у бир вақтлар камолотчилар дарсни бузганида жамоатчилик эътироз билдирганини эслатиб ўтди. «Энди маънавиятчиларга ўтдими эстафета???», дея савол қўймоқда блогер.

«Масалан, кеча тарбия соатига айланиб, ЛГБТнинг калта пайпоққа боғлиқлиги тўғрисида маъруза ўқилган 20 дақиқа (шартли) ЎЗБEК ТИЛИ дарси ҳисобидан кетди, тил жонкуяри сифатида менга икки карра аламли бу ҳол. Шу 20 дақиқалик билимнинг ўрнини қачон тўлдириш тўғрисида ўша «йўл харита"ларида нимадир дейилганми? Нечта синфда қанчалаб 20−30 дақиқалар кетяпти бунга? Саводи, билими бўлмаган одамни маънавиятли қилиш мушкуллигини, ҳамма эзгуликлар, юксак маънавият ҳам, аввало билим ва савод устига қурилишини билмаймизми? Юмшоқ тарғибот йўлидан бориб, тарбияни дарс ва таълим тизимига аралашмаган ҳолда, дарсларда маъруза эмас, дарсдан ташқарида юксак қадриятларни акс эттирган санъат, адабиёт асарларини саҳналаштириш, томоша қилиш, бепул тўгараклар фаолиятини ривожлантириш орқали амалга оширса бўлмайдими?», — деб ёзади Соатова.

Шаҳноза Соатова бола пайпоғининг узунлигини ўзи ва ота-онаси ҳал қилишини таъкидлади.

«Айтганча, ким қайси конспирологик назарияга ишонса, ўзининг иши. Лекин бола пайпоғининг узунлигини ўзи ва ота-онаси ҳал қилади!», — дейилади пост сўнггида.

Халқ таълими вазирлиги бу ҳолат Миробод туманидаги 110-мактабда бўлиб ўтганлигини аниқлади. Ҳозирда ҳолат бўйича ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.

Тўлдирилди: 18:01 16.04.21