Тошкентнинг Сергели туманидаги полиэтилен маҳсулотларини ишлаб чиқариш корхонасида ёнғин чиқди. Ёнғин ҳақидаги хабар Ўзбекистон ФВВ навбатчилик қисмига 15 апрель куни соат 23:08 да келиб тушган.

ФВВ матбуот хизмати маълумотларига кўра, ҳодиса жойига 12 та ёнғин-қутқарув экипажи етиб борган. Дастлабки маълумотларга кўра, ёнғин корхонанинг 1000 кв. майдонини қуршаб олган.

Тахминан 00:10 да ёнғин қуршаб, назоратга олинган, 02:05 да тўлиқ бартараф этилган.

Дастлабки маълумотларга кўра, қурбонлар ва жароҳатланганлар йўқ. Ёнғиннинг келиб чиқиш сабаблари ва кўрилган моддий зарар миқдори мутахассислар томонидан ўрганилмоқда.