Самарқандда президент Шавкат Мирзиёев иштирокида вазирлик ва тармоқлар раҳбарлари, маҳаллий кенгаш депутатлари, нуронийлар, ёшлар билан вилоят фаоллари йиғилиши бўлиб ўтди, дея хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.

«Мен ҳар доим Самарқандни соғинаман. Кўп жойларда ишладим, лекин бу вилоятда орттирган тажрибам жуда кўп қўл келади. У пайтлар қўлимиз калта, имкониятимиз чекланган эди. Шуни эътиборга олиб, ҳар сафар Самарқандга келганимда ўзимга савол бераман: ҳозирги имкониятларни ўша пайтда қилиш мумкинмиди? Имом Бухорий бобомизнинг замонавий мажмуасини ўша пайтда қуриш мумкинмиди? Юракда жуда катта қийналишлар билан, қачон бўлар экан, деб армон билан ишлаганмиз. Ҳозир замон ўзгарди, одамлар энди кечагидай яшашга мажбур эмас. Энг катта масала — жойлардаги ижро ҳокимияти раҳбарлари бугунги ҳаёт, ҳаракат, шиддатга мос ишлаши керак», -деди Шавкат Мирзиёев.

Президент «Самарқанднинг эртанги кунини янада яхши қилиш, ёшларга имкониятларни кенгайтириш» биринчи навбатдаги масала эканлигини таъкидлади.

«2020 йил оғир йил бўлди, манаман деган давлатлар иқтисодиёти бу синовларни кўтаролмади. Бу йил кечагига нисбатан интилишимиз ўзгариб, эртанги кун манфаати нуқтаи назаридан ҳаракат туйғуси пайдо бўлса, олдимизга қўйган режаларимизни бажара оламиз. Агар бизга кимдир қилиб беради, деган пайсалга солиш бўлса, бундай хоҳиш билан ҳеч қачон натижага эришолмаймиз», — деди давлат раҳбари.

Президент вилоятнинг фойдаланилмаган имкониятларини ишга солиш учун 5 та драйвер соҳани кўрсатиб ўтди. Булар — саноат, транспорт логистикаси, йирик индустриал иссиқхоналар, хизмат кўрсатиш ва туризм.

2021−2022 йилларда Самарқанд вилоятида саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида қиймати 30 трлн 415 млрд сўмлик 1 минг 279 та инвестиция лойиҳаси режалаштирилгани таъкидланди. Хусусан, 12 трлн сўмлик 1 минг 184 та ҳудудий, 18 трлн сўмликдан зиёд 95 та тармоқ лойиҳалари амалга оширилади. 1,8 млрд доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ўзлаштирилади ва 26 мингта доимий иш ўрни ташкил этилади.

Энергетика соҳасида 974 млн долларлик 8 та йирик лойиҳа амалга оширилиб, йилига 6 миллиард киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқариш йўлга қўйилади, натижада 1,8 млрд куб метр табиий газ тежалади. Шунингдек, Франциянинг Total Eren компаниясининг 100 млн доллар сармояси ҳисобига шу йил декабрда Нуробод туманида қуввати 100 мегаватт бўлган қуёш фотоэлектр станцияси ишга туширилади.

Президент Ургут туманини тўлиқ эркин иқтисодий зонага айлантириш, вилоятнинг барча ҳудудларида ушбу иқтисодий зонанинг филиалларини ташкил этиш бўйича кўрсатма берди. Шунингдек, «Ургут» эркин иқтисодий зонаси негизида холдинг компания тузилади.

Қўшработ, Иштихон ва Ургут туманларида 8 минг гектарда интенсив боғ ва узумзорлар барпо этилади.

Шавкат Мирзиёев ҳар бир маҳалладаги муаммолар ва имкониятларни ўрганиб, аҳолини тадбиркорлик ва ўз-ўзини иш билан таъминлашга жалб қилиш орқали қашшоқликни камайтириш асосий вазифа бўлиб қолаётганини таъкидлади.

Ушбу йилда 915 та қишлоқ ва маҳаллада қурилиш ва ободонлаштириш ишлари бажарилиши, 658 километр ичимлик суви тармоқлари таъмирланиб, 210 та қишлоқ ва маҳалладаги сув таъминоти яхшиланиши айтиб ўтилди. Шунингдек, ипотека дастури доирасида 3 минг 450 квартирали кўп қаватли уйлар қурилиб, 2 минг 200 та оилага субсидия берилади.