Таълим консалтинги бўйича халқаро эксперт Лилия Мухаметшина яқинда Тошкентдаги Leader School томонидан ташкил этилган веб-семинарда оиладаги фарзандларнинг танқидий фикрлашини қандай ривожлантириш мумкинлиги ҳақида гапирди. Дунё доимо ўзгариб туради, юрист, бухгалтер ва бошқа замонавий касблар ўнлаб йиллардан кейин «ақлли» қурилмалар ва хизматлар билан алмаштирилади. Бу дунёда қандай кўникмаларга талаб бўлади, ота-оналар ўз болалари билан мулоқотда бўлиб ва бўш вақтларини қизиқарли ташкил қилиш орқали уларда ушбу кўникмаларни қандай шакллантириши мумкин? Лилия Мухаметшинанинг ушбу саволларга жавоблари бизнинг қисқа шарҳимизда.

Оилада танқидий фикрлашни ривожлантириш

Агар бола саволлар бермаса, танқидий фикрлаш ҳақида унутса бўлади. Саволларнинг сифати ҳақида кейинроқ гаплашамиз. Келинг, аввало бола охирги марта бизга қачон савол берганини эслайлик.

Аниқки, мактабгача ёшдаги болалар савол беришни яхши кўришади. Бу қизиқишдан далолат беради, бора-бора у ақлнинг қизиқувчанлигига, кейинчалик ўз навбатида танқидий фикрлашга айланади. Кўп ҳолларда мактаб ҳаёти бошланиши биланоқ, саволлар берилиши тўхтайди. Фақат жавоблар янграйди. Аммо бу ҳолатда болалар фақат янги билимларнинг истеъмолчисига айланишади, аммо улар билимларнинг яратувчисига айланиши керак.

Ота-оналарга савол: сиз болаларингизга саволлар берасизми? Бу ишни қилиш жуда муҳим, чунки болалар аввало оилада, ота-онадан ёки ака-ука ва опа-сингиллардан, ва фақат кейин мактабда савол беришни ўрганадилар.

Болалар ота-онанинг ўзи қандай савол бераётганини, уларда ақлнинг қизиқувчанлик қобилиятини кўрмасалар, ота-оналарнинг ўзи болаларда танқидий фикрлаш қобилиятини ривожлантириши мушкул бўлади.

Бизга ижодий фикрлаш қизиқарли нарсаларни яратиш, санъат, ижоддек туюлади. Аслида эса ҳар бир инсон, бола ижодий фикрлашни ривожлантириши керак, чунки бу боғлиқлик мавжуд бўлмаган жойларда уни топишнинг қимматли қобилиятидир. Шунингдек, бу кўникма бир вазият учун кўплаб жавоб вариантларини ўйлаб топиш қобилиятини ва қайта ўрганиш, ишонган нарсангиздан воз кечиш ва янги нарсаларни топиш, ўрганиш қобилиятини шакллантиради.

Билимнинг шунчаки ўзи ҳеч кимга керак эмас, чунки ҳам билим, ҳам кўникмага эга бўлган одамлар бор ва келажакда болаларимиз айнан шундай одамлар билан рақобатлашадилар. Ҳам билим берилишини, ҳам кўникма ва қадриятларни ривожлантиришни таъминлаш муҳимдир.

Фарзандларимизни меҳнат бозорида нима кутмоқда?

Яқин ўн йилликларда кўплаб ижодий бўлмаган касблар — кассир, бухгалтер, риэлтор, саёҳат агенти ва бошқалар йўқ бўлиб кетиши мумкин.

Иш ўрни учун ишга ёллашда рақобат кучаймоқда. Биз доим юрист — бу зўр касб деб билганмиз. Яқинда «Сбербанк»да (Россия) 3000 та юридик маслаҳатчи иш ўринлари роботлар билан алмаштирилиши ҳақида янгиликлар пайдо бўлди. Жуда зўр юрист бўлиш ва ҳар доим бозорда талабгир бўлиш мумкин. Аммо стандартлаштирилган маслаҳатлар берадиган юристлар ўрнини роботлар эгаллайди.

Кейинги 10 йил ичида дунёда кўплаб касбларда иш билан банд бўлганлар сони 35% дан 90% гача камаяди. Масалан, такси ҳайдовчисининг ишига — каршеринг ривожланиши ва келажакда ҳайдовчисиз транспорт воситаларининг жорий этилиши билан — бўлган талаб пасаяди, худди курьернинг меҳнати каби, чунки постаматларнинг пайдо бўлиши билан уй остонасигача етказиб бериш сезиларли даражада камайди.

Котиблар функцияларининг ўрнини дастурлар, ақлли онлайн тақвимлар ва иловалар, почта саралаш воситалари муваффақиятли равишда эгаллайди. Кончилар, юк ташувчилар, қадоқловчилар, кассирлар, диспетчерлар, йўл ҳаракати хавфсизлиги инспекторлари, кутубхоначилар, call-марказлари операторлари, копирайтерлар, соқчилар, қўриқчилар, музей зали назоратчилари, гидлар — бу одамларнинг меҳнати машиналар, дастурлар, каталоглар ва маълумотлар базалари, назорат қилиш тизимлари билан алмаштирилади. Бу касблар бутунлай йўқ бўлиб кетмайди, лекин тахминан 30−90% гача қисқаради. Шу билан бирга, сайёрамиздаги одамлар сони кўпайиб бормоқда ва тобора кўпроқ одамлар иш ўрнига муҳтож. Инсон учун янги касбни ўрганиш ва ўзини топишдан бошқа йўл қолмайди.

Талаб қилинадиган малакаларнинг хилма хиллиги тенденцияси

Меҳнат бозорида қандай кўникмаларга эга бўлган битирувчиларга талаб кучли? Ким қўллари билан ишлаб, ҳар куни бир хил ишни такрорлайди? Бу қадоқловчилар. Уларнинг иш куни 8 соат, кун давомида 1500 та кексни қадоқлаш керак. Мунтазам қўл ишларида ишчи битта аниқ ҳаракатни амалга оширади, бир макет асосида ҳар куни нимадир ишлаб чиқаради.

Мунтазам бўлмаган қўл ишлари — бу бутун хизмат кўрсатиш соҳаси, масалан, маникюр устаси, ҳамшира, ошпазнинг иши. У турли хил таомларни тайёрлайди: ҳозир борш, кейин тирамису буюртма қилишади. Мунтазам бўлмаган қўл ишлари — бу умумий хизмат кўрсатиш соҳаси. Биз бу ишни роботларга беришга тайёр эмасмиз — уни одамлар қилишини хоҳлаймиз. Инсон маҳорати сабабли бу каби соҳалар ҳали ҳануз қадрли. Худо юқтирган истеъдод соҳиби ҳар доим касби билан қолади.

Мунтазам ақлий фаолият — масалан, бухгалтер, юридик маслаҳатчи меҳнати. Мунтазам ақлий фаолиятни мактабга келган, ўтирган, ўқитувчининг мавзуни тушунтиришини кутган, ҳамма нарсани ўрганган, ҳамма нарсани эслаб қолган болалар амалга оширадилар. Бу «ёдланди — амалга оширилди» форматида ўқийдиган болалар. Улар бунинг чегарасидан ўтмайдилар.

«Нима учун ҳеч нарса қилмай ўритибсан?» — «Сиз менга нима қилишимни айтмадингиз». Биз болани маълумот билан озиқлантирдик, у унинг бошида «турди» ва кетди, бу қисқа муддатли хотира.

Нима учун бола мактабда ниманидир қилишни унутди? Чунки мия бутун кучини эслаб қолишга сарфлади. Ўз устида ишлаш эмас, тушуниш эмас, англаш эмас, ўзи учун режалаштириш эмас, фақат эслаб қолиш керак.

Ахборот қанча тез такрорланса, уни эслаб қолиш истаги шунчалик пасаяди. Биз 30-марта «Тўшагингни тўғирла», «Бажар» деганимизда, мия «Мен буни олдинроқ эшитганман», деб жавоб беради. Гап шундаки, биз биринчи уринишдаёқ керакли ҳаракатларни кўникмага айлантирмадик.

Агар онг уйда ривожланмаса, кейинчалик у ишни қандай қилиш кераклигини айтишларини кутадиган ходимларга айланади. Агар уларга буни қандай қилиш кераклиги айтилса, улар буни қилишади. Агар акси бўлса — «Ахир сиз айтмадингизку» дейилади. Робот дарсликдаги ҳамма нарсани боладан кўра яхшироқ амалга ошириши мумкин, тағин бола ҳаммасини эслаб қолмайди ҳам. Шунинг учун, асосий эътиборни кўникмаларга қаратиш керак.

Мунтазам бўлмаган аналитик фаолият ва шахслараро кўникмалар — бу турдаги малакалар, ҳозир ҳам, келажакда ҳам керак бўлади.

Вазиятга қараб ўзгариб турадиган фикрлашни тасаввур қиламиз. Бола маълум бир вазиятга тушиб қолади ва у дарҳол кузатишга, таҳлил қилишга, маълумотларни қайта ишлашга киришади, хулосалар чиқаради, қарорлар қабул қилади, масъулитга эга бўлади. Бу танқидий фикрлаш.

Ўша мунтазам бўлмаган аналитик фаолият, шунингдек, одамлар билан ўзаро муносабатда бўлиш. Яккаланган касблар йўқ, ёки улар албатта йўқ бўлиб кетади. Дастгоҳдаги битта одамнинг, call-марказидаги операторнинг ўрни ҳар доим босилиши мумкин. Бошқалар билан алоқага кириша оладиган ва ишлай оладиган одамларнинг ўрнини босиб бўлмайди.

Фарзандларимизга етказишимиз керак бўлган энг муҳим тушунча — иш жойига одам қиймат келтириши керак; шундагина одам нафақат даромад олишни, балки қиймат келтиришни ҳам бошлайди. Асосийси, одамнинг бу ўрни қаерда эканлигини тушунишга ёрдам бериш.

Вақт сармоялари ва вақтнинг харажатлари


Фото: Евгений Сорочин / «Газета.uz».

Вақт сармоялари ёки вақтнинг харажатлари — биз нимаики қилсак ҳамма нарсада мавжуд. Бола чизган сурат ёки ўйнаган ўйини вақт сармояси бўлиши мумкин. Бола қабул қилаётган маълумотни қайта ишламаса, ҳатто ўқиш ҳам вақтни йўқотиш бўлиши мумкин.

Болалар фақат биздан ўрнак олиб ўрганишади. Бола келажагининг муваффақиятли бўлиши учун у қандай қобилиятларга эга бўлиши керак? Биз кўп жавоб оламиз: «танқидий фикрлаш», «мулоқотга киришувчанлик», «мослашувчанлик», «қизиқувчанлик», «масъулиятлилик», «стрессга чидамлилик» ва бошқалар.

Ушбу барча кўникмаларни «Тўрт „К“» орқали аниқлаш мумкин:

Коммуникация, коллаборация (ҳамкорлик), танқидий фикрлаш (критическое мышление), ижодий фикрлаш (креативное мышление) — ҳар куни ушбу кўникмаларни ривожлантириш устида ишланса, яхши бўлар эди. Қуйидаги усуллар уларни ривожлантиришга ёрдам беради.

«Қаранг — фикрланг — ўйланинг» усули

Уни мактабда эмас, балки кундалик оилавий муҳитда ишлатиш яхшироқдир, чунки ўрганишдаги энг яхши нарсалар табиий шароитда содир бўлади. Бу қизиқувчанлик ва кузатувчанлик қобилиятларини ривожлантиришдир.

Агар сиз ҳайвонот боғига бориб, болангиздан: «Сенга нима ёқди, нимани кўрдинг?» деб сўрасангиз ва у сизга батафсил жавоб бера олмаса, демак, унинг мияси сиз истаган янги ҳолатларни эслаб қолмаган. Хулоса чиқариш қобилияти ривожланмаган катталар ҳам бор. Жамоа, раҳбар, турмуш ўртоқ, пул билан бўлган муносабатларда биз бир хил нарсани бошдан кечирамиз. Бир хил вазиятлар такрорланаверади ва биз нимани ўзгартириш кераклигини тушунолмаймиз.

Навбатда кутиб турган жойда болангизга саволлар беринг:

  1. Нимани кўряпсан?
  2. Бу ҳақда нима деб ўйлайсан?
  3. Бу сени нима ҳақида ўйлашга мажбур қиляпти?

Кўраётган тафсилотларни муҳокама қилишни давом этинг. Кузатувчанлик қобилиятини ривожлантира туриб, «Яна нима?» деб сўранг.

«Бу ҳақида нима деб ўйлайсан?», «Қандай хулоса чиқариш мумкин?». Мия хулосаларни ишлаб чиқариши керак. «Демак, … қилиш керакмас», «Демак, шундай… йўл тутиш керак».

Болада қандай саволлар туғилади? «Нега???», «Буларнинг барчаси қанча давом этади?», «Агар қоидалар бузилса, нима бўлади?», «Буни қандай қилиб яхшироқ қилиш мумкин?».

Бу таксида юрганда, экскурсияларда, меҳмонга борганда, фотосуратларни томоша қилганда ўйнаш мумкин бўлган ўйин. Болалар кам савол беришса, бу онгнинг қизиқувчанлиги у қадар ривожланмаганлигини англатади, бунинг устида кўпроқ ишлаш керак. Болалар билан бу каби суҳбатлар тез-тез бўлиб турса, шунча яхши бўлади.

Ижодий фикрлашни ривожлантириш усули

[Оддий пластик шиша]ни тавсифловчи уч хил сўз / иборани айтинг. Аниқ сўзларни ишлатманг: сув, шиша идиш, ёзув, пластмасса, кўк, оқ.


Ҳар сафар топшириқ берганингизда, дарҳол ҳамма биладиган, ижодий бўлмаган сўзлар ва номларни чиқариб ташланг. Бола бошқалар кўрган ва бошқалар кўрмайдиган нарсаларни кўришни ўрганиши керак.

«Нима совға қиламиз?», «Қандай табриклаймиз?», «Қаерга борамиз?», «Математикадан баҳони қандай тузатамиз?», «Қайси китобни ўқиймиз?» («Кулойим», «Алиса мўъжизалар мамлакатида»ни айтма, уни бир неча бор ўқиганмиз»).

«Пластик идишдан буюм ясаш керак (ваза, қалам қутиси, ракета дема, ўтган гал ясаганмиз)».

«Кун қандай ўтди?» (Яхши, ёмон, ўртача, даҳшатли, одатий деган жавобларни чиқариб ташланг).

«Мен илгари шундай деб ўйлар эдим … Энди эса … деб ўйлайман» усули

Бунда биз рефлексияга эътибор қаратамиз. Тафаккур қилишни билмаган бола мактабда ҳам, уйда ҳам ўқимайди. Унинг мияси янги билимларни, тараққиётни, фикрлаш ўзгаришини муҳрлашга ўрганмаган.

Биз мактабдан қайтяпмиз, ёки тоққа боряпмиз ёки врачлик пунктидан чиқдик. «Айтчи, нима ўзгарди».

«Мен илгари пиёзли бўғирсоқлар мазали эмас деб ўйлардим. Бугун эса бувимникида меҳмонда мен уларни едим ва улар жуда мазали эди. Мана, уларни қандай пишириш керак».

«Илгари мен йўлбарслар фақат сариқ қора чизиқли бўлишади деб ўйлардим. Энди мен уларнинг оқ рангли ва қора чизиқлар билан ҳам бўлишини биламан».

Коммуникация ва ҳамкорлик

Ота-оналар учун боланинг кўп дўстлари бор-йўқлигини, улар билан қанчалик тез-тез учрашиб туришини, улар билан юришини, тинглашни билишини, музокара олиб боришини, ташаббус кўрсатишини, муросага келишга тайёрлигини кузатиш муҳимдир.

Беш «P» концепцияси мавжуд. Purpose— «мақсад», passion— «эҳтирос», people-«жамоат», process — «жараён», performance — «натижа». Агар бизда ушбу беш «P» бўлса ва биз буни болаларимизга ўргатсак, уларда ҳаммаси яхши бўлади.