14 апрель куни Тошкент шаҳри Юнусобод тумани ҳокими Жахонгир Ибрахимов тумандаги масжид имомлари иштирокида оилаларда ажримнинг олдини олиш масаласи юзасидан учрашув ўтказди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

Фото: Юнусобод туман ҳокимлиги

Мажлис давомида, ажримлар сонини камайтириш борасида қуйидаги таклифлар киритилди.

  • Оила қуриш олдидан йигит-қизларни имомлар томонидан олиб бориладиган 3 ойлик ўқув дарсларида ўқитиш;
  • Оила тушунчасини мактабдан бошлаб алоҳида дарс сифатида киритиш;
  • Aҳлоқий жиҳатдан «ўзбек менталитетига» тўғри келмайдиган телесериал ҳамда кинофилмларни эфирга узатмаслик каби таклифлар айтилди.

Январь ойида Юнусобод туманидаги маҳалла раисининг биринчи ўринбосари Нозима Муслимова президент билан учрашувда никоҳдан кейин 2−3 йил муддатга ажрашишларни тақиқлашни ва телевидениега цензура қўйишни таклиф қилган эди. У мисол тариқасида «ўзбек менталитетига умуман тўғри келмайдиган Yor-Yor дастури» телеканалларда эфирга узатилаётганини келтирганди. Президент эса ажрашишларни қонун билан чеклаб қўйиш «қийин» бўлишини айтиб ўтган эди.

Февраль ойида Адлия вазири Русланбек Давлетов «давлат манфаатлари ажралишни минималлаштиришдан иборат, аммо бу ҳеч қачон фуқароларнинг шахсий ҳаётга бўлган конституциявий ҳуқуқларини бузмаслиги керак», дея таъкидлаган эди. У ажрашиш жараёнида бюрократиянинг мавжудлигини тан олган эди, аммо кўп ҳолларда ажрашиш тўғрисидаги ариза «турмуш ўртоқларнинг реакцион ҳаракати» эканлигини таъкидлаб ўтган эди.

Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2020 йилда мамлакатда ажралишлар сони 28,2 мингтани ташкил этди, бу 2019 йилга нисбатан (31,4 минг) 10,2 фоизга кам. Ажралишларнинг энг юқори кўрсаткичи Тошкент, Сирдарё, Андижон ва Тошкент вилоятларида кузатилган. Ажралишларнинг умумий сонидан 50,1% фарзанди йўқ эр-хотинлар, 29,3% битта болали ва 20,6% икки ва ундан ортиқ болалиларни ташкил этади.