Ижтимоий тармоқларда солиқ ходимлари сотувчилик орқали кун кўрувчи аёлларнинг буюмларини олиб қўйганлиги ҳолати ифодаланган видео лавҳалар тарқалди.

Видеога кўра, солиқчилар кўчада сотувчилик қилаётган аёлларнинг буюмларини тортиб олиб, машинага юклашга уринган. Жараённи видеога олган аёлнинг айтишича, 10 А 042 РА рақамли автомобилда келиб, сотувчи аёлларнинг буюмларини тортиб олишга уринган шахслар солиқ органи ходимларидир. Аёллардан бири буюмларини беришни хоҳламаган, солиқ органи ходими уни ерда судраб, сумкасини мажбуран олиб қўйган.


Фото: Видеодан лавҳа

«Уйимда нон қолмади, бер нарсаларимни», дея бақиради сотувчи аёл. Солиқчилардан бири «бу ер бозор эмас"лигини айтади. «Неча марта келиш керак», дейди у.

Мазкур ҳолат юзасидан Давлат солиқ қўмитаси раиси Шерзод Кудбиев муносабат билдирди. У бу ҳолат Солиқ хизмати учун уятли эканлигини билдирди.

«Бу биз учун жуда ҳам уятли. Бизнинг шаънимизга, умуман Солиқ хизматининг вазифаларига тўғри келмайдиган ҳодиса юз берган. Мен ўзим шахсан ваъда қиламан: ўзим ҳозир Самарқанд вилоятида хизмат сафаридаман, лекин қайтиб боришим билан ўзим Олмалиқ шаҳрига бориб, ўша ҳодиса юз берган жойда бўламан. Лекин унгача кутмасдан, барча ҳодисада ўзини ноўрин тутган ва ноўрин хизмат вазифасини бажарган ходимларга нисбатан тегишли жазо чоралари кўрилади. Ўйлайманки, бу бизга ҳеч ҳам ярашмайди», — дейди у.

Шунингдек, Кудбиев солиқ органлари куч ишлатар идора эмаслигини таъкидлади.

«Солиқ органлари ҳеч қачон куч ишлатар идора эмас, балки тадбиркорларимизга кўмакчи бўладиган идора. Лекин бундай аянчли ҳолатлар, албатта, юз беряпти ва биз буни илдизи билан юлиб ташлашимиз керак бўлади. Биз учун жуда ҳам уятли ва мен бундай ҳолат юз берганлиги учун ҳурматли фуқароларимиздан, бутун халқимиздан, солиқ идораларида ҳамма ходим ҳам бундай эмас, мана шундай ходимлар ҳали ҳам орамизда борлиги учун узр сўрайман. Барибир ҳали бу масалаларда охиргача етамиз», — дейди Давлат солиқ қўмитаси раиси.

Шерзод Кудбиев кўрилган чоралар тўғрисида қўшимча ахборот берилишини маълум қилди.