Ўзбекистонда Франциянинг EDF компанияси билан ҳамкорликда илк гидроаккумуляция электростанцияси (ГАЭС) қурилади. Бу ҳақда 14 апрель куни бўлиб ўтган «Ўзбекгидроэнерго» АЖ раҳбарияти ҳамда Франциянинг энг йирик электр энергия ишлаб чиқарувчи EDF компаниясининг масъул вакиллари ўртасидаги учрашувда маълум қилинди.

Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида қурилиши режалаштирилаётган Хўжакент ГАЭСнинг лойиҳавий қуввати 200 МВт га тенг.

Икки томонлама музокараларда EDF компаниясининг халқаро бўлинмаларига масъул, катта ижрочи вице-президенти Беатрис Буффон, Европа мамлакатлари бўлинмаларига масъул, катта ижрочи вице-президенти Марк Жирар, МДҲ мамлакатлари офиси раҳбари Лоран Паганон, МДҲ мамлакатлари офиси лойиҳаларини ривожлантириш бўйича масъул Матьё Филипп ҳамда Сирдарё иссиқлик электр станцияси лойиҳаси менеджери Корин Сандберглар иштирок этишди.

Учрашувда Ўзбекистонда илк бор ГАЭС қурилиши, сув омборларида сузувчи қуёш станцияларини ўрнатиш, икки томондан махсус ишчи гуруҳлар тузишга келишиб олинди. Шунингдек, ўзаро амалий ҳамкорлик бўйича меморандум имзолашга келишиб олинди.

Маълумот учун, EDF — Франциядаги энг йирик давлат электр энергияси ишлаб чиқарувчи компанияси ва дунёдаги энг йирик атом электр станцияси оператори ҳисобланади.