Тошкент метрополитени метро станциясининг вақт кўрсатувчи таблосига қилинган хакерлик ҳужумига изоҳ берди.

«Ижтимоий тармоқларда Тошкент метрополитенининг Сергели йўналишидаги „3-Бекат“ станциясида вақтини кўрсатувчи соат дарчасида ҳаракатланувчи сатрда ножўя гап акс эттирилган видео тарқалмоқда», — дейилади хабарда. Видео Tik-Tok ижтимоий тармоғида жойланган.

«Ушбу ҳодиса бўйича ички хизмат текшируви ўтказилди. Унга кўра 12 апрель куни соат 16:40 да ушбу вақтни кўрсатувчи соат механизмига хакерлар томонидан киберҳужум (бузиб кириш) содир бўлганлиги аниқланди. Ушбу дарча электрон тизимли бўлиб Wi-Fi орқали бошқарилади. Ҳужумчилар соатга ўрнатилган паролни бузиб, унга ножўя гапни ҳаракатланувчи сатрга жойлаштирган», — дея изоҳ берди Тошкент метрополитени.

Ушбу ёзув 4 дақиқа ичида олиб ташланган. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан айбдорлар қидирилмоқда ва уларга нисбатан тегишли чоралар кўрилади.

«Тошкент метрополитени» УК раҳбарияти телекоммуникация тармоғига ноқонуний (санкциясиз) уланишданга нисбатан жиноий жавобгарлик белгиланганлигини эслатиб ўтди.