Президент Шавкат Мирзиёев Самарқанд вилоятига ташрифини Самарқанд халқаро аэропортини реконструкция қилиш ишлари билан танишишдан бошлади, дея хабар бермоқда президент матбуот хизмати.

Лойиҳа доирасида янги терминал, учиш-қўниш йўлаги, тураргоҳ ва бошқа объектлар барпо этилиши белгиланган. Бугунги кунда узунлиги 3105 ва эни 60 метр бўлган учиш-қўниш йўлаги қурилиши тугалланиб, ёритиш-сигнал чироқлари ва аэронавигация ускуналари ўрнатилмоқда.

Аэропортнинг янги терминали замонавий дизайнга, бир соатда 800 нафар йўловчига хизмат кўрсатиш қувватига эга бўлади. Лойиҳа натижасида 1000 киши иш билан таъминланади.

«Одамларга қулайлик яратиш асосий мақсад бўлиши керак. Бунинг учун «ақлли технологиялар»ни қўллаш, хизматларни арзон, сифатли, тезкор қилиш зарур», — деди Шавкат Мирзиёев.

Турли катталикдаги самолётлар учун 24 та тураргоҳ барпо этилмоқда. Шундан учтаси «ҳаво кемалари»га музлашга қарши ишлов бериш учун мўлжалланган бўлади.

Аэропортда карго хизмати ҳам йўлга қўйилади. Давлат раҳбари бу масалага алоҳида тўхталиб, юк ташиш рақобатбордошлигини ошириш бўйича кўрсатмалар берди.

«Карго барқарор ва манфаатли бўлиши учун доимий юк керак. Бунинг учун самолётларга хизмат кўрсатиш, юкларни ортиш ва етказиб беришни арзон ва тез йўлга қўйиб, бошқа авиакомпанияларни жалб этиш зарур. Бундан ташқари, вилоятда экспортбоп мева-сабзавотларни кўпайтириб, уларни шу карго орқали жаҳон бозорига чиқариш мумкин», — деди у.

Янги аэропортни 2021 йил сентябрда фойдаланишга топшириш режалаштирилган. Шундан сўнг, у «очиқ осмон» режимида тўлиқ ишлай бошлайди.

Маълумот учун, Самарқанд халқаро аэропорти 1967 йилда қурилган.