Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида онкогемотологик ва даволаш мураккаб бўлган касалликлардан азоб чекаётган беморларни даволашга ёрдам бериш ва қўллаб-қувватлаш фонди ташкил этилмоқда. 8 апрель куни Вазирлар Маҳкамаси томонидан бу ҳақда қарор қабул қилинди, дея хабар берди Norma.uz.

Жамғарма маблағлари давлат бюджетига тушадиган тамаки маҳсулотларига қўйилган акциз солиғи суммасининг 7 фоизидан ва жамғарманинг вақтинча бўш турган маблағларини банкларга омонат сифатида жойлаштириш ҳамда аҳоли ва компаниялар томонидан хайрия қилинган маблағлар ҳисобига шакллантирилади.

Ушбу маблағлар ускуна ва дори-дармон воситалари, тиббий буюмлар, лаборатория реактивлари ва бошқа сарф-ҳаражатларга ишлатилади. Шунингдек, жамғарма маблағлари хориждан мураккаб операцияларни ўтказиш ва ташхис қўйиш учун таклиф қилинадиган мутахассислар харажатларини қоплаш учун ҳам сарфланади.

Ҳужжатда қуйидагилар белгиланган:

  • «Uzmedimpeks» ДУК Соғлиқни сақлаш вазирлигининг давлат харидлари бўйича харидлар комиссиясининг ишчи органи ҳисобланади;
  • харидлар бўйича шартномаларни имзолаш учун контрагент;
  • шартномаларга мувофиқ етказиб бериладиган товарларни қабул қилиш, сақлаш, қайта ишлаш ва етказиб бериш бўйича агент.

Жамғарма кенгашига Ezgu Amal хайрия жамоат фонди вакиллари — Азиза Умарова ва Мунира Хўжахонова ҳам киришди.

Февраль ойида Ezgu Amal фонди президентдан тиббиётнинг болалар онкологияси ва гематология йўналишини ривожлантириш бўйича чоралар кўришни сўраб мурожаат қилган эди. Кейинчалик Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт маркази (РИПИАТМ) фонд маълумотларини «ишончсиз» деб атади ва хавфли ўсимталар ҳақида маълумот берди.