Президент Шавкат Мирзиёев 13 апрель куни «Капитал бозорини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонни имзолади, дея хабар берди ЎзА.

Фармонга кўра, Молия вазирлиги, Марказий банк, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Халқ таълими вазирлигининг «Молия ва инвестиция саводхонлиги» дастурини амалга ошириш тамойиллари белгилаб қўйилган.

Дастурга кўра, илғор хорижий ўқув муассасалари ва тадқиқот институтлари, молия ташкилотларидан етакчи мутахассисларни молиявий саводхонлик даражасини оширишга оид таълим тадбирларига кенг жалб қилиш кўзда тутилган.

Шунингдек, умумтаълим мактаблари ўқувчилари ҳамда ноиқтисодий йўналишдаги ОТМ талабалари учун «Молиявий саводхонлик» ўқув курсини фан сифатида жорий этиш белгиланган. Ушбу фан доирасида маблағларни тўғри бошқариш, молиявий қарорлар қабул қилиш, жумладан, молиявий инструментлар бўйича ўқитиш методологиясини ишлаб чиқиш режалаштирилган. Бундан ташқари «Молиявий саводхонлик олимпиадалари»ни ташкил этиш орқали ўқув курсининг самарадорлигини баҳолаш кўзда тутилмоқда.

Шу билан бир қаторда, ҳужжатда аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг молиявий, шу жумладан, инвестиция бўйича саводхонлигини ошириш борасидаги барча тадбирларни 2021−2023 йилларга мўлжалланган Молиявий хизматлар оммабоплигини ошириш миллий стратегияси доирасида амалга ошириш белгилаб қўйилган.