Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ректори Комилжон Каримов (ушбу лавозимда 2020 йил сентябрь ойидан бошлаб) «Газета.uz»га берган интервьюсининг иккинчи қисмида студентлар берадиган «фидбек»нинг муҳимлиги ва у коррупцияга қарши курашда қандай ёрдам бериши, нима учун ЖИДУда кўп йиллар давомида коррупция ривожланмаганлиги, талабалар учун зарур бўлган кўникмалар ва битирувчилар билан алоқани сақлаб қолишнинг аҳамияти ҳақида гапирди.

Танқидий фикрлаш ва ўқитувчилар обрўсининг аҳамияти ҳақида

Тажрибамдан келиб чиқиб, айтишим мумкинки, талабалар синфига кирган киши ёки ўқитувчи интеллектуал жиҳатдан обрўга эга бўлиши лозим. Киши дарс бераётган масаласида эксперт бўлиши керак. Биз ўз йўналишларидаги энг кучли мутахассисларни жалб қилишимиз керак.

Aммо, шу билан бирга, улар «ҳақиқатнинг ягона манбаи» бўлиб қолмаслиги керак. Мен талабалар танқидий фикрлаши тарафдориман. Талаба эшитган ва кўрган ҳар қандай маълумот, назария, тушунча, воқеа ёки ҳодисани гумон остига олиши керак. Яъни, ўзига «Бу нима учун содир бўлаяпти?» деб савол бериши ва жараённинг моҳиятини тушунишга ҳаракат қилиши керак. Бу танқидий фикрлашнинг асосидир.

Бу талабаларга билим ва маълумотлардан ташқари бера оладиган энг қимматли кўникма бўлади. Замонавий таълимнинг муҳим вазифаси талабаларни танқидий фикрлашга, тўғри саволлар беришга ва уларга жавоб топишга ўргатишдир.

Талабалар берадиган «фидбек»нинг аҳамияти

Талабалар университетнинг асосий стейкхолдерларидан (stakeholders) бири ҳисобланади. Стейкхолдерлар — у ёки бу ташкилотга бевосита алоқадор одамлардир. Талабаларнинг ўқув жараёни ва университетда яратилган шароитлар ҳақидаги фикрлари («фидбек») жуда муҳим.

«Фидбек» олиш тизими университет маъмурияти ва талабалар ўртасида ишончли мунособатни мустаҳкамлашга ҳам ёрдам беради.


Мен шахсан талабалар билан учрашаман. ЖИДУ ректори этиб тайинланганимда, мен талабалар етакчилари билан учрашув ўтказдим, уларни қизиқтирган масалалар бўйича фикр алмашдим. Ўшанда биз пандемия сабабли бироз чекланган шаклда учрашдик, кўпгина талабалар онлайн шуғулланарди. Aммо кейин имкон пайдо бўлганда, биз бундай учрашувларни кенгроқ форматда ўтказдик.

Иккинчидан, мен ўзим маълум мақсадда талабаларга дарс бераман. Бу менга талабалар билан бевосита алоқада бўлиш имкониятини беради. Aлбатта, бу 100 га яқин талабадан иборат кичик бир гуруҳ, лекин улар ҳам қайсидир даражада барча университет талабаларининг вакили ҳисобланади. Бу ҳам атрофдаги воқеалардан ҳамиша хабардор бўлиш ва фикр-мулоҳазалар олиш имконини беради.

Шунингдек, университетдаги вазиятга объектив баҳо бериш учун университет томонидан тизимли равишда талабалар ўртасида аноним сўровномалар ўтказилади — талабалар «фидбеки». Бу бизга ўқитиш сифатини, университетдаги маънавий муҳитни, шунингдек инфратузилма ҳолатини баҳолашга ёрдам беради.

Нима учун ЖИДУда коррупция ривожланмаганлиги ва бошқа ОТМларда у билан қандай курашиш мумкинлиги ҳақида

Ташкил топганидан буён университетда шундай бир муҳит ва маданият шаклланганки, бундай ҳодисаларга нисбатан тоқатсизлик мавжуд.

Биринчидан, бунинг учун раҳбариятнинг иродаси бўлиши керак. Олий таълим муассасаларининг кўпчилигида бошқарув қарорларини раҳбарлар қабул қилишади.

Иккинчидан, талабаларнинг «фидбек» тизимини яратиш керак. Коррупция ҳолатларини қандай фош қилиш мумкин? Қачонки, у ёки бу талаба бу масалани кўтарса. Яхши йўлга қўйилган «фидбек» тизими коррупция билан боғлиқ ҳолатларнинг олдини олишга ёрдам беради.

Олий таълим тизимида ишлайдиган одамларни моддий рағбатлантириш муҳим аҳамиятга эга. Сўнгги 4 йил ичида айниқса профессор-ўқитувчиларнинг маошлари оширилди.

Коррупция ҳолати қаерда пайдо бўлиши мумкин? Масалан, талабаларнинг ишини баҳолаш пайтида баҳосидан норози бўлган талаба уни кўтаришни хоҳлаши мумкин. Инсон омилини бундай ҳолатлардан чиқариб юборадиган жуда оддий механизмлар мавжуд, бу қўшимча назорат. Улардан бири — бу деперсонилазация. Ҳар бир талабанинг ўз идентификация рақами бўлади, текширувчи ўқитувчи эса талабанинг фамилияси ва исмини билмайди.

Ёки битта ишни икки ёки уч киши текширади. Текширувчи баҳони ошириб қўйса ундан ташқари яна бошқа назоратчилар борлигини билади. Агар баҳоларда катта фарқ бўлса, табиийки, саволлар туғилади.

Дресс-коднинг аҳамияти

Кийиниш тартиби кўпроқ инсоннинг шахсий эстетикаси ва интизоми билан боғлиқ. Дунё бўйлаб барча ОТМларда маълум даражада дресс-кодлар мавжуд.

Эҳтимол ЖИДУда кийиниш қоидалари қатъийроқдир, аммо барча талабалар бир хил кийим кийишлари кераклигини кўрсатувчи бирорта ҳам стандарт йўқ. Бунда биз барибир ҳам халқаро муносабатлар соҳасидаги мутахассислар тайёрлаётганимиздан келиб чиқишимиз керак.

Aммо мен дресс-код талабалар ўзлаштиришига ёки уларнинг академик ютуқларига қандайдир таъсир ўтказади деб ўйламайман. Мен ўз баҳоларимни далиллар базасига асослашга мойилман. Мен тўғри деб ҳисоблаган ҳар бир нарсада далиллар базаси бўлиши керак. Дресс-коднинг талабалар академик кўрсаткичларига таъсири ҳақидаги тадқиқотларни ҳали учратмадим, эҳтимол улар мавжуддир. Буни баҳолаш бироз қийин.

Aмалиётчиларни ўқиш жараёнига жалб қилишнинг аҳамияти

Aмалиётчиларнинг академик муҳит билан ўзаро алоқа қилиши — бу мутахассисларни тайёрлашга таъсир қилувчи жуда муҳим омил. Тошкентдаги Вестминстер университетида (Комилжон Каримов 2015—2020 йилларда унга раҳбар бўлган — таҳр.) биз бунга кўпроқ эътибор қаратардик, иложи борича кадрлар тайёрланадиган соҳалар мутахассислари билан маслаҳатлашардик, уларни ўқув режалари ва дастурларни ишлаб чиқишга, шунингдек ўқув жараёнига жалб қилардик.

ЖИДУда бу борада иш йўлга қўйилган, бизда, биринчидан, ўқитувчилар таркибида ТИВ тизимида катта амалий тажрибага эга мутахассислар бор. Aммо биз фақатгина вазирликлар, идоралар ёки баъзи бир йирик ташкилотларда фаолият юритаётган мутахассисларни эмас, балки чет эл вакиллари, чет давлатларнинг элчилари ва халқаро ташкилотлар вакилларини ҳам бир ёки икки маърузаларга жалб қиламиз.

Бундан ташқари, бизда қисқа муддатли меҳмон маърузалари мавжуд. Талабалар учун маълум бир ўқув курсига эмас, балки маълум бир мавзу бўйича амалиётчиларни қисқа вақтга жалб қилиш жуда муҳим.

Магистратурага қабул шартларининг ўзгаргани тўғрисида

Ўзбекистонда 3−4 йил олдин, агар сиз «Халқаро мунособатлар» йўналиши бўйича бакалаврни тугатган бўлсангиз, турдош йўналиш бўйича магистратурага ўқишга киришингиз мумкин эмас эди. Сиз бу ёғига энди халқаро ҳуқуқ ёки иқтисодиёт бўйича ўқишга киролмасдингиз. Бугун бундай чекловлар ва талаблар йўқ. Маълум йўналиш бўйича таянч олий маълумотга эга бўлишингиз шарт эмас.

Кўп ҳолларда чет давлатларда талабалар магистр даражасига иккинчи олий маълумот сифатида қарашади. Битта ихтисослик бўйича бакалаврда бошланғич маълумотга эга бўлган ва шу мутахассислик бўйича магистратурани давом эттирадиган одамлар жуда кам учрайди. Одатда, чет эл амалиётида талабалар ўз билимларини бойитиш имкониятини берадиган йўналишни танлайдилар. Ўзбекистонда бундай қарорнинг қабул қилинганлиги тўғри ёндашув бўлди.

Битирувчиларга зарур бўлган кўникмалар ҳақида

Бугун меҳнат бозорида жиддий ўзгаришлар юз бермоқда. Бу технологиянинг ва сунъий интеллектнинг ривожланиши билан ҳам боғлиқ. Шундай соҳалар борки, унда одам деярли сиқиб чиқарилади. Савол туғилади. Эртага меҳнат бозори қандай бўлади? Сунъий ақл ёки роботлаштириш одамларнинг ўрнини босмайдими? Бутунлай ўрнини босади деб ўйламайман. Ушбу жараён 100 йил олдин бошланган, бизга маълумки, биринчи конвейерлар ишга туширилганда, худди шундай хавотирлар бўлган, аммо бу содир бўлмади.

Янги касблар пайдо бўлмоқда ёки инсоннинг роли зарур бўлган касблар йўқолиб кетаётгани йўқ. Масалан, педагогика. Бунда жараённи инсонсиз тасаввур қилиш жуда қийин. Ёки ижодий соҳалар. Бунда инсоннинг роли шубҳасиз муҳим бўлиб қолади.

Aгар сиз юқори малакали мутахассисларни тайёрласангиз, табиийки, уларга талаб катта бўлади. Ва уларни иш билан таъминлаш масаласи муаммо бўлмайди.


Талабалар ўқишдан бўш вақтларида нафақат амалиёт ўташ, балки ишлаш имкониятига ҳам эга. Бу уларга амалий кўникмаларни беради. Университетда олган билимларини амалий кўникмалар билан мустаҳкамлайдилар, бу эса иш билан таъминланишда жуда муҳим.

Фундаментал билимлардан ташқари, зарурий бўлган кўникмаларга эга бўлиш лозим. Бу юмшоқ кўникмалардир (soft skills). Бу танқидий фикрлаш, коммуникация ва алоқа, ўзини тақдимот қилиш, жамоада ишлаш ва мослашувчанлик кўникмаларидир.

Баъзи мутахассислар юмшоқ кўникмаларнинг ўзи етарли, агар инсон хоҳласа, қолган ҳаммасини ўрганиши ёки ўқиб олиши мумкин, деб таъкидлайди. Мен, бу тўғри ёндашув деб ўйламайман. Ҳар қандай таълим муассасаси hard skills ёки техник кўникмаларни бериши керак, бу эса soft skillsга асос бўлиб хизмат қилади. Бу ерда аниқ мувозанат бўлиши керак ва бу мувозанат у ёки бу томон фойдасига оғиб кетмаслиги лозим.

Битирувчиларни иш билан таъминлашда ОТМларнинг масъулияти ҳақида

Бирор бир ОТМ ўз битирувчиларининг 100% иш билан таъминланишига кафолат бера олади деб ўйламайман.

Бу йил ЖИДУни 300 га яқин талаба битиради ва уларни ишга жойлаштириш катта муаммо бўлмайди. Aммо 5−6 минг талаба битирадиган ОТМлар бор ва улар барча битирувчиларни иш билан таъминлаши имконсиз.

Меҳнат бозорига қараш керак — бу кадрларга эҳтиёж борми. Ҳозир пандемия пайтида давлатнинг тиббиёт ходимларига бўлган эҳтиёжи ортиб бормоқда. Ёки мактаб ўқитувчилари ҳозирда олий маълумотли бўлиши лозимлиги масаласи кўтарилмоқда. Табиийки, педагогик йўналишдаги кадрлар таркибига бўлган эҳтиёж бир неча баробар ортади. Давлат уларни кафолатли иш билан таъминлай олади.

Иш топиш битирувчиларнинг ўзларининг ҳам вазифасидир. Улар ўз келажагини кўришлари ва талаб бўладиган мутахассисликни танлашлари лозим.

Халқаро миқёсда тан олинган кўрсаткич мавжуд: талабаларнинг битирувдан кейинги дастлабки олти ой ичида иш билан таъминланиши. Мен Вестминстер университетида ишлаганимда, бу кўрсаткич биринчи олти ойда 90% гача кўтариларди. Табиийки, буни асосан талабаларнинг ўзи амалга оширарди. Aммо, университетда талабаларга ишга жойлашишда ёрдам берадиган Карьерага кўмаклашиш маркази каби маълум хизматлар мавжуд эди.

«Brain Drain» тўғрисида

Кадрларнинг мамлакатдан чиқиб кетиши масаласи ҳамма жойда, деярли бутун дунёда бор. Глобаллашув бунга ўз ҳиссасини қўшади. Глобаллашув нима? Бу мобиллик. Шу жумладан, академик соҳада ҳам ўқитувчилар, профессорлар ва тадқиқотчилар мамлакатдан мамлакатга кўчиб кетишади. Бу объектив ҳақиқат. Биз хоҳлаймизми ёки йўқми, вазиятни ўзгартириш жуда қийин бўлади. Бу одамга моддий жиҳатдан қаердадир яхшироқ бўлгани учун ёки бирор жойда яхшироқ рағбатлантирилгани учун содир бўлмайди, йўқ. Бу инсоннинг янги нарсани синаб кўриш бўйича табиий истаги.

Бу, айниқса, илмий муҳитда, тадқиқотчи чет элдаги ҳамкасблари билан ўзаро алоқада бўлишни, у ерда ишлашни хоҳлаши билан боғлиқ. Aгар бу ҳолат оммавий хусусиятга эга бўлса, албатта бу муаммо. Aммо, агар бу қайтариладиган ҳолат бўлса, яъни, одамлар маълум вақтга кетиб, яхши тажриба, янги билимлар, кўникмалар ва алоқаларни орттириб, мамлакатга қайтиб, мамлакат фаровонлиги учун ишлашса, бу ҳам ижобийдир.

Битирувчилар билан алоқани сақлаб қолишнинг аҳамияти

Университетнинг обрўси ва мавқеини кўп жиҳатдан айнан битирувчилар яратади. Иш берувчилар ОТМни ишлашга келган битирувчиларига қараб баҳолайдилар. Уларнинг университет ҳаётидаги иштироки жуда муҳим. Профессионал нуқтаи назардан, битирувчилар кучли ресурс ҳисобланади. Улар талабаларнинг ҳозирги авлодигаўзларининг билим ва кўникмаларидан улашиб, руҳлантириши мумкин.

Бир йилда ўқишни тугатган битирувчилар ўртасида горизонтал алоқалар мавжуд. Aфсуски, вертикал алоқа йўқ. Университетнинг вазифаси битирувчиларнинг турли авлодлари ўртасида ҳам ўзаро боғлиқлик бўлиши учун айнан шу вертикал алоқани яратишдир. Маълум бир маънода, бу ҳам ўзаро қўллаб-қувватлаш муҳитининг бир тури. Бу битирувчилар учун яхши нетворкинг майдони ҳамдир.

Бугунги кунда ЖИДУ битирувчилари деярли барча соҳаларда, шу жумладан турли идоралар ва вазирликлар раҳбарлари орасида ҳокимликлар даражасида ишлашади. Ҳозир биз битирувчилар ассоциациясини яратиш устида ишлаяпмиз, бундан олдин ҳам уринишлар бўлган, аммо улар муваффақиятсиз тугаган. Биз битирувчиларни ўзини жалб қилдик ва ташаббусни уларнинг қўлларига топширдик. Улар буни катта иштиёқ билан қабул қилишди.

ЖИДУ битирувчилари ҳақида

Биз халқаро фаолият, шу жумладан иқтисодий ва ҳуқуқий фаолият учун ва шу каби халқаро муносабатлар соҳасида кадрлар тайёрлаймиз. Энг кам талабаларимиз Халқаро муносабатлар соҳасида. Эҳтимол, бунинг ҳам оддий сабаби бордир: халқаро муносабатлар бўйича мутахассисларга ҳозирча катта эҳтиёж сезилмаса керак.

Ҳа, ЖИДУ битирувчилари Ташқи ишлар вазирлигига камроқ ишга кирган вақтлар бўлган. Aммо, 2019 йил ҳисоботларига кўра, Ташқи ишлар вазирлигига ишга кирган битирувчилар сони сезиларли даражада ошди. 2020 йилги статистика пандемия сабабли бироз пасайган.

ЖИДУ — Ташқи ишлар вазирлигининг бевосита таркибий бўлинмаси. Биз вазирлик билан барча йўналишларда жуда яқин ҳамкорлик қиламиз: кадрлар тайёрлаш, малака ошириш ва иш билан таъминлаш. Ҳозирда биз вазирликнинг ўзида, шунингдек чет элдаги дипломатик ваколатхоналаримизда амалиёт ўташга юбориладиган юқори курс талабалари сонини кўпайтириш устида иш олиб бормоқдамиз.

Aммо барча битирувчилар ТИВ тизимига киради деб кутиш нотўғри ва бунинг сабаби у ердаги иш ўринларининг етишмаслиги эмас, балки шунчаки ҳар кимнинг ўз орзу-умидлари ва истаклари бор. Кимдир халқаро ташкилотда ёки бошқа бир вазирлик ёки идорада ишлашни хоҳлайди ёки ўзини тижорат тизимида кўради.

Комилжон Каримов ўз интервьюсининг биринчи қисмида таълимда соҳасидаги рақобат учун тенг шароитларнинг аҳамияти, давлат университетларининг илмий салоҳияти, «контракт» миқдорининг оширлиш сабаблари ва нима учун хусусий ОТМлар фойда олишга устувор аҳамият бериши керакмаслиги борасида ўз мулоҳазалари билан бўлишди.