Журналист ва блогер Муҳрим Аъзамхўжаев «Championat.asia» нашрининг «Самисов билан» лойиҳасига берган интервьюсида футболга ажратилаётган маблағлар, уларнинг сарфланиши ҳақида сўз юритди. Унинг айтишича, бир футбол жамоасига 20 млрд сўм сарфлагандан кўра, 4 та мактаб қурса ёки бу маблағни бошқа жойга сарфласа анча яхши бўлади.

«Дейлик бир жамоага 20 млрд сўм сарфланмоқда. 20 млрдга 4 та зўр мактаб қурса бўлади. Қаерлардадир болалар чайлага ўхшаш мактабларда, вагонларда ўқишмоқда. Менимча бу яхшиланади. 20 млрдни бирор жамоага бермасдан, 5 та мактаб қурган анча яхши. Масалан, қишлоқ врачлик пунктларини қуриш мумкин. Сурхондарёда бир ўқитувчи 14 км оралиғидаги иккита мактабда ишлар экан. Шу 14 кмга у пиёда қатнамоқда экан. Шу 20 млрдга бир нечта ўқитувчига велосипед олиб бериш мумкин, машина бўлмаса ҳам. Ёки ўқитувчиларнинг маошига устама пул қўшиб берса бўлади», — дейди у.

Унинг айтишича бу орқали юзлаб инсоннинг ҳаёти яхшиланади.

«40 нафар одамнинг ҳаётидан кўра, бошқа жойда юзлаб инсоннинг ҳаёти яхшиланади», — дейди Муҳрим Аъзамхўжаев.