2021 йил май ойидан 14 та туман (шаҳар)да бюджет харажатларининг 5 фоизи жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларни молиялаштиришга йўналтирилади. Бу ҳақда «Huquqiy axborot» телеграм-канали хабар бермоқда.

Янги тартиб 2022 йил 1 январдан эътиборан республиканинг барча туман (шаҳар)ларида босқичма-босқич жорий этилади.

1 июлдан жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларни молиялаштиришга ажратиладиган туман (шаҳар)лар бюджетлари қўшимча маблағларининг энг кам миқдори 10 фоиздан 30 фоизга оширилади.

Шунингдек, жамоатчилик фикри асосидаги тадбирлар учун маблағлар «Фуқаролар ташаббуси жамғармаси»да тўпланади ва ундан бошқа мақсадларда фойдаланиш тақиқланади.

«Туман ҳокимликлари жамоатчилик фикри асосидаги тадбирларни бюджетдан молиялаштиришга оид маълумотларни ҳар чорак бўйича расмий веб-сайтларига ва „Очиқ бюджет“ порталига жойлаштиради», — дейилади хабарда.