14 апрель куни Европа Чемпионлар лигасининг чорак финал учрашувлари жавоб ўйинлари ўтказилади. Бугун бўлиб ўтиши режалаштирилаётган ўйинлар олдидан жамоалар тайёргарлиги, уларнинг чорак финалга қандай етиб келганлиги ва ўйинчилар ҳолати ҳақида превьюни тақдим этамиз.

«Боруссия Дортмунд» — «Манчестер Сити» (Тошкент вақти билан соат 00:00 да)

Жамоаларнинг ҳозирги ҳолати: Дортмунднинг «Боруссия"си айни вақтда Германия чемпионатида турнир жадвалининг 5-поғонасини эгаллаб турибди. Жамоа ҳисобида 28-турдан сўнг 46 очко мавжуд. Сўнгги 5 тур ўйинларида 2 та ғалаба, 1 дуранг ҳамда 2 мағлубият қайд этган. 28-турда меҳмонда «Штутгарт» билан бўлган баҳсда 2:3 ҳисобида устун келган.

«Манчестер Сити» эса Англия турнир жадвалида якка пешқадам. 32 ўйиндан сўнг 74 очкога эга жамоа ўзининг энг яқин таъқибчиси бўлган «Манчестер Юнайтед»дан 11 очко олдинда («Манчестер Сити» бир ўйин кўп ўтказган). Охирги 5 турнинг 3 тасида ғалаба қозонган бўлса, 2 тасида мағлубиятга учраган. 31-турда «шаҳарликлар» ўз майдонларида «Лидс»га 1:2 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйишди.

Чорак финалга қандай етиб келишди?

«Боруссия Дортмунд» F гуруҳида иштирок этиб 4 ғалаба, 1 дуранг ва 1 мағлубият натижа билан 13 очко тўплади ҳамда гуруҳ пешқадами сифатида нимчорак финалга йўл олди. Ушбу босқичда эса жамоа «Севилья»га тўқнаш келди. Дастлабки ўйинда дортмундликлар 2:3 ҳисобида ғалаба қозонишди. Жавоб ўйинида эса 2:2 ҳисобида дуранг қайд этилди.

«Манчестер Сити» C гуруҳида 5 ғалаба ва 1 дуранг қайд этиб, 16 очко билан 1-ўринни эгаллаб нимчорак финалга йўл олди. Бу босқичда эса уларга «Боруссия Мёнхенгладбах» дуч келди. Ҳар икки ўйинда ҳам 2:0 ҳисобида ғалабага эришган манчестерликлар чорак финал босқичига чиқди.

Ўзаро ўйинлар: Умумий ўтказилган 5 ўйиннинг 2 тасида «Боруссия Дортмунд», 1 тасида эса «Манчестер Сити» ғалаба қозонган. Яна 2 учрашув дуранг билан якунланган.

Жамоаларнинг жароҳатланган футболчилари:

Дан-Аксель Загаду, Аксел Витсел, Марсель Шмелцер, Жейдон Санчо, Юссуфо Мукоко («Боруссия Дортмунд»).

Жамоаларнинг айни вақтдаги яхши формадаги футболчилари:

Дортмундликлар сафида Германия чемпионатида 23 учрашув ўтказган Эрлинг Ҳолланд ҳозирги кунда яхши формада. Жами 1962 дақиқани майдонда ўтказган ҳужумчи 21 та гол уриб, 5 марта голли узатма муаллифига айланган.

Манчестерликлар таркибида Рахим Стерлинг АПЛ доирасида 27 ўйинда майдонга тушиб, 2177 дақиқани майдонда ўтказган. 9 бор рақиблар дарвозасини ишғол қилиб, 6 марта голли узатмани амалга оширган.

Маълумот учун, жамоаларнинг дастлабки ўйини 2:1 ҳисобида «Манчестер Сити» фойдасига ҳал бўлган.

Фото: twitter.com/ChampionsLeague

«Ливерпуль» — «Реал Мадрид» (Тошкент вақти билан соат 00:00 да)

Жамоаларнинг ҳозирги ҳолати: «Ливерпуль» жамоаси Англия чемпионатида 31-турдан сўнг 52 очко билан 6-ўринни банд этган. АПЛда сўнгги 5 ўйиннинг 3 тасида ғалаба қозониб, 2 тасида мағлубиятга учраган. 31-турда ўз майдонида «Астон Вилла»ни қабул қилган жамоа 2:1 ҳисобида ғалаба қозонган.

«Реал Мадрид» жамоаси эса Ла Лигада 30-турдан кейин 66 очко билан 2-поғонада. Ўзидан олдинги «Атлетико Мадрид»да 67, энг яқин таъқибчиси «Барселона»да эса 65 очко мавжуд. Жамоа сўнгги 5 турнинг 4 тасида ғалаба, биттасида дуранг натижа қайд этган. 30-турда ўз майдонида «Барселона»ни қабул қилиб, 2:1 ҳисобида мағлубиятга учратди.

Чорак финалга қандай етиб келишди?

«Ливерпуль» ўз иштирокини D гуруҳида бошлаб 4 ғалаба, 1 дуранг ва 1 мағлубият билан 13 очко тўплади ҳамда 1-ўрин билан кейинги босқичга йўл олди. Ушбу босқичда «Лейпциг»га дуч келган ливерпулликлар ҳар икки ўйинда ҳам 2:0 ҳисобида устун келиб, чорак финалда чиқди.

B гуруҳида иштирок этган «Реал Мадрид» 3 ғалаба, 1 дуранг ва 2 мағлубият билан 10 очко тўплаган ҳолда 1-ўрин билан нимчорак финалга чиқди. «Аталанта»га дуч келган мадридликлар дастлабки ўйинда 0:1, жавоб учрашувида эса 3:1 ҳисобида ғалаба қозониб, чорак финал йўлланмасини қўлга киритди.

Ўзаро ўйинлар: Икки жамоа ўртасида бўлиб ўтган 7 ўйиннинг 3 тасида «Ливерпуль», 4 тасида эса «Реал Мадрид» ғалаба қозонган.

Жамоаларнинг жароҳатланган футболчилари:

Дивок Ориги, Жордан Хендерсон, Жозеф Гомес, Кивин Келлехер, Виржил ван Дейк, Жоэл Матип («Ливерпуль»). Рафаэл Варан (коронавирусга ижобий тест топширган), Серхио Рамос.

Жамоаларнинг айни вақтдаги яхши формадаги футболчилари:

Муҳаммад Салоҳ «Ливерпуль» сафида АПЛда 30 та ўйинда майдонга тушиб, 2526 дақиқани майдонда ўтказган. 19 та гол уриб, 3 бор голли узатмани амалга оширган.

«Реал Мадрид» сафида Карим Бензема Ла Лига доирасида 26 ўйинда 2276 дақиқани майдонда ўтказган. 19 гол ҳамда 6 голли узатма муаллифи бўлган.

Маълумот учун, мазкур жамоаларнинг дастлабки ўйинида мезбон бўлган «Реал Мадрид» 3:1 ҳисобида ғалаба қозонган эди.