Ҳукуматнинг 10 апрелдаги «Сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва сув хўжалиги объектларидан фойдаланиш борасида давлат-хусусий шерикликни кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори қабул қилинди.

Ҳужжатга мувофиқ, 2021 йилнинг март-сентябрь ойларида Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда қишлоқ хўжалиги экинларини суғориш ишлари учун сув олиш лимитлари тасдиқланди.

Унга кўра, республика бўйича жами лимит 29 млрд 236 млн 500 минг куб этиб ўрнатилмоқда:

  • Қорақалпоғистон Республикаси — 4 млрд 92 млн куб;
  • Андижон вилояти — 1 млрд 757 млн 900 минг куб;
  • Бухоро вилояти — 2 млрд 326 млн куб;
  • Жиззах вилояти — 1 млрд 817 млн 500 минг куб;
  • Қашқадарё вилояти — 3 млрд 93 млн куб;
  • Навоий вилояти — 899 млн куб;
  • Наманган вилояти — 1 млрд 672 млн 800 минг куб;
  • Самарқанл вилояти — 2 млрд 279 млн 400 минг куб;
  • Сурхондарё вилояти — 2 млрд 410 млн 900 минг куб;
  • Сирдарё вилояти — 1 млрд 648 млн куб;
  • Тошкент вилояти — 2 млрд 399 млн 600 минг куб;
  • Фарғона вилояти — 2 млрд 115 млн куб;
  • Хоразм вилояти — 2 млрд 725 млн 300 минг куб.

Қарор билан 2021 йилда суғориш мавсумида кутилаётган сув танқислигининг салбий таъсирларини юмшатиш ҳамда ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш бўйича республика ишчи гуруҳи ҳам шакллантирилди. Унга бош вазир ўринбосари Шуҳрат Ғаниев раҳбарлик қилади.

20 апрелга қадар ёзги суғориш мавсумида сувдан фойдаланиш ва сув истеъмолчилари бўйича тегишли шартномалар тўлиқ расмийлаштирилади.

Шунингдек, жорий йилда жами 100 та ирригация ва мелиорация объектлари давлат-хусусий шериклик асосида модернизация қилинади ҳамда бошқарувга берилади.

Қарорга мувофиқ, сув танқислигининг олдини олиш мақсадида амалга оширилиши лозим бўлган тадбирларнинг прогноз кўрсаткичлари тасдиқланди.

Аввалроқ, Тошкент вилоятига ташрифи чоғида президент Шавкат Мирзиёeв ҳудуддаги экин ерларини суғориш учун Чорвоқ сув омборидан сув таъминоти чекланишини таъкидлаган эди. «Сизларга фақат Чорвоқни очиб берса. Канал сувга тўлса, кейин 24 соат сув оқади. Сиз ҳаттоки икки соат ҳам сувни назорат қилмайсиз», — деган эди президент ҳокимларга юзланиб.

Ўтган йилнинг 10 июлида эса президентнинг «Ўзбекистон Республикаси сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020−2030 йилларга мўлжалланган концепциясини тасдиқлаш тўғрисида"ги фармони имзоланган эди.